Бутунжаҳон ўрмонлар куни муносабати билан халқаро форум ўтказилди
2026-03-31 10:55:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, БМТнинг ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмаил Белен, БМТнинг Ўрмонлар бўйича форуми котибияти директори Жульетта Биао, FAO вакиллари, халқаро экспертлар, Экология қўмитаси ва Ўрмон агентлиги масъуллари, тизим ташкилотлари ва ҳудудий ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Форумни Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб, давлат раҳбари ташаббуси билан экологик муаммоларни бартараф этиш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, чўлланишга қарши тизимли курашиш, янги ўрмонлар барпо этиш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
“Республикада ҳар дақиқада 9 метр квадрат ер майдони деградацияга учрамоқда. Бу каби таҳдидларга қарши курашиш мақсадида мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, ўрмонларни кенгайтириш ва сақлаб қолиш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда ривожланишини таъминлашга қаратилган “Чиқиндидан холи ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Эко-маданият”, “Био мерос” умуммиллий лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантиришда эса янги ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш лозим. Хусусан, бизнинг минтақамизда Орол денгизининг қуригaн туби ва туташ бўлган ҳудудларда экологик муаммоларнинг олдини олиш ва салбий таъсирини камайтириш борасида давомли тадбирларни олиб бориш талаб этилади”, – деди раис.
Азиз Абдуҳакимов “Green University” ҳамда яқинда очилган Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит тадқиқотлари марказига алоҳида тўхталди. Хусусан, марказ чўлланишни бошқариш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи илмий хабга айланиши, унда қуруқчил экотизимлар бўйича рақамли маълумотлар базаси яратилиши, чўлланиш ва шўрланиш шароитида атроф-муҳитдаги ўзгаришлар прогноз қилиниши, чўл ҳудудлари иқтисодиётини ривожлантириш бўйича инновацион стратегиялар ишлаб чиқилишини қайд этди.
Исмаил Белен Ўзбекистонда яшил ҳудудларни кенгайтириш ва бунинг учун кўпроқ инвестициялар киритиш зарур эканлигига эътибор қаратди.
“Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган “Яшил макон” ташаббуси ниҳоятда муҳим. Яқин келажакда ўрмонлар майдонини 10 фоиздан 15 фоизга етказиш мақсад қилинган. Ўзбекистон бу ташаббусни амалга ошириш учун катта салоҳиятга эга. Орол денгизи ҳудудида ҳам яшиллик даражасини ошириш борасида кўп ишлар қилинмоқда, — деди у. — Тарихга назар ташласак, мамлакатингиз Марказий Осиёда кўплаб ташаббуслар борасида пешқадам бўлган. Ишончим комилки, агар ушбу дастурлар давом эттирилса, Ўзбекистон “Яшил Марказий Осиё” етакчисига айланади”.
Жульетта Биао эса Ўзбекистон айни дамда яшил иқтисодиёт ва экологик барқарорлик борасида анчагина ташаббускор эканлигини таъкидлади.
“Бу, айниқса, яшиллик даражасини ошириш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, чўлланишга қарши курашиш борасида яққол кўринмоқда, — деди у. — Ўрмонларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш бугунги кунда иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг камайиши ва экологик барқарорликка путур етиши каби экологик муаммоларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон бутун дунё эътиборини айнан шу жиҳатга қаратмоқда. Биз бу саъй-ҳаракатларни қадрлаймиз ва мамлакатларни, жумладан, Ўзбекистонни ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”.
Тадбирда сўз олган Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов форум иштирокчиларини Халқаро ўрмонлар куни билан самимий табриклади.
“Ҳар йили баҳор фаслининг март ойида нишонланадиган ушбу касб байрамимиз бутун дунё аҳлини табиатни ҳимоя қилиш, ўрмонлар ҳудудини кенгайтиришга даъват этади. Ҳақиқатан ҳам бугун дунёда чўлланиш даражаси ортиб, сув танқислиги, ерларнинг деградацияга учраши кўпайиб бораётган бир пайтда ушбу сананинг аҳамияти нечоғлик юқори эканлиги янада ойдинлашади, – деди у. – Кейинги йилларда бу каби глобал муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан “илм-лойиҳа-амалиёт” занжири асосида уруғчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, ўрмонлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 18 та ўрмон хўжалиги замонавий ечимлар асосида кўчатчиликка ихтисослаштирилди. 4 та янги ўрмон хўжалиги ташкил этилди. Ўрмон хўжаликларига 300 дан ортиқ янги махсус техникалар олиб келинди. Хитойлик ҳамкорлар билан шўрга чидамли галофит ўсимликлари боғлари ташкил этилди.”
Тадбир давомида “Яшил инвестициялар: Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик”, “Ўрмон соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари”, “Марказий Осиёда трансчегаравий ҳамкорлик ва барқарор ўрмонлардан фойдаланиш” ҳамда бошқа мавзуларга эътибор қаратилди. Шунингдек, самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакиллари “Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси” ва “Россия ўрмонларни муҳофаза қилиш марказининг 85 йиллиги” юбилей медаллари билан тақдирланди.
Якунда Тошкент вилоятида барпо этилаётган “Дендрология боғи”да дарахт кўчатлари ўтқазилди.









