Тошкент шаҳрида "яшил қоплама"лар барпо этилмоқда
2026-03-24 11:55:00 / Янгиликлар

Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан автомагистраль йўллар четида 8-10 қатордан "яшил қоплама"лар барпо қилиняпти.
Шу кунларда дарахт кўчатлари экиш тадбирлари қизғин давом эттирилмоқда. Бектемир туманининг Гулбоғ ва Забардаст маҳаллалари ҳудудида 8 гектардан зиёд майдонда "яшил қоплама"лар яратилди.
Тошкент шаҳар давлат ўрмон хўжалиги томонидан заранг, шумтол, қрим қарағайи, япон сафораси ва павловния каби ҳудуд иқлим шароитига мос дарахт кўчатлари етказиб берилмоқда.
Ҳозирда Гулбоғ маҳалласида кўчатларни сифатли парвариш қилиш мақсадида томчилатиб суғориш тизими ускуналари ўрнатилмоқда.
Маълумот ўрнида, ушбу тадбирлар Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, яшиллик даражасини янада ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.





