Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда ўрмон ландшафтларини тиклаш лойиҳаси ижроси билан танишди
2026-03-12 15:30:00 / Янгиликлар

Хорижлик экспертлар дастлаб Қашқадарё вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар билан танишишди.
Лойиҳа доирасида режага кўра, вилоятдаги Қашқадарё, Қумдарё, Китоб, Деҳқонобод, Қамаши, Яккабоғ ва Шаҳрисабз давлат ўрмон хўжаликлари ҳудудида жами 9 минг гектар майдонда яйловларни қайта тиклаш, 4 минг 900 гектарда сувни тежаш ва тоғли ўрмонларда тупроқ эрозиясига қарши курашиш, 42 минг 860 гектарда ўрмонларнинг табиий тикланишига кўмаклашиш, 3 минг 100 гектарда агроўрмончилик, 950 гектарда саноатбоп ўрмонзорлар ташкил этиш ҳамда 820 гектарда доривор ўсимликлар плантациясини барпо этиш ишлари амалга оширилади.
Бугунги кунда ушбу ўрмон хўжаликларида жами 468 гектарда “терасса” олиш, 2 минг 500 гектарда сувни тежаш ва тоғли ўрмонларда тупроқ эрозиясига қарши курашиш ҳамда 4 минг 500 гектарда яйловларни қайта тиклаш мақсадида сетка тортиш ишлари бажарилган.
А.Асферачею мутахассисларга тадбирларни ўз вақтида ташкил этиш, агротехник қоидаларига риоя қилиш, дарахт ва бўта кўчатларини белгиланган меъёрларда парваришлаш каби масалалар бўйича тавсиялар берди.
Шунингдек, Жаҳон банки вакиллари Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳам бўлишиб, лойиҳа доирасида ўрмон хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.






