Ўрмон фонди ерларининг электрон рақамли хариталари яратилади
2026-02-20 12:50:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда Ўрмон агентлиги томонидан Кадастр агентлиги ва Аэрогеодезия маркази билан ҳамкорликда ўрмон фонди ерларининг аэро-космик кузатувлари асосида уларнинг ортофотопланларини яратиш, дешифровкалаш ва электрон рақамли хариталарини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бунинг натижасида ўрмон хўжаликларининг аниқ чегаралари, ягона контур рақамлари ва ер турларини кўрсатувчи электрон рақамли хариталари ишлаб чиқилади. Ер майдонларининг ҳисобини юритиш, турларини аниқлаш ҳамда кадастр маълумотларини янгилаш имконияти яратилади.
Маълумот ўрнида, ортофотоплан — аэросуратга олиш ва космик суратга олиш орқали олинган аэрокосмик суратларни дифференциал ортотрансформация қилиш усули асосида марказий проекциядан ортогонал проекцияга ўзгартириш натижасида олинган жойнинг аниқ геодезик асосдаги фотосуратли плани.


