Термиз туманида 10 гектар тутзор аҳолига бўлиб берилди
2026-02-04 11:55:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда Термиз тумани Сабзипоя маҳалласида тадбир ташкил этилди. Тадбирда Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, эҳтиёжманд оилалар вакиллари ҳамда тегишли ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Вилоят раҳбари ушбу лойиҳанинг асосий мақсади тутзор барпо этиш ва унинг қатор ораларидан самарали фойдаланган ҳолда аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш эканлигини таъкидлаб, ажратилган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берди.
Агентлик директори Эркин Муҳиддинов лойиҳа доирасида ўрмон фондига қарашли 10 гектар майдонда 30 минг туп тут кўчати экилиши, тут қатор ораларидан самарали фойдаланиш мақсадида 20 та оиланинг ҳар бири 50 сотихдан ер майдони ажратилаётганлиги ҳудудда аҳоли даромадлари ортишига сабаб бўлиши баробарида иқлим ўзгаришлари оқибатларини бир қадар юмшатишига хизмат қилишини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, ушбу ер майдонида ерёнғоқ, полиз маҳсулотлари, пиёз ва картошка каби даромадли қишлоқ хўжалиги товарлари етиштирилиб, йилига ўртача 50–60 миллион сўмгача қўшимча даромад олиш имконияти яратилади. Бунинг учун ҳар бир оилага экин уруғлари учун субсидиялар ажратиш, тажрибали деҳқонларни бириктириш орқали экинларни парваришлаш бўйича амалий кўникмалар бериш белгиланди.
Тадбир якунида Агентлик директори ва вилоят ҳокими томонидан тут кўчатлари экилиб, лойиҳага старт берилди.








