Ўзбекистонда углерод кредитларини яратиш даражаси янада оширилади
2026-01-20 18:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда мамлакатимизда ўрмонлар барпо этиш орқали атмосферада углерод миқдорини сезиларли даражада камайтириш, барқарор углерод кредитларини яратиш масалалари юзасидан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ шўрланишининг олдини олиш, ёнғинларга қарши самарали курашиш, чорва молларини ўтлатиш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишига барҳам бериш, касаллик ва зараркунандаларга қарши тизимли курашиш каби долзарб масалаларга эътибор қаратдилар.
Шунингдек, лойиҳаларга маҳаллий аҳолини жалб этиш орқали янги иш ўринлари яратиш, камбағаллик даражасини сезиларли камайтиришга эришиш муҳим эканлиги таъкидланди.
Тадбирда дарахтларнинг барқарор ўсиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда ўрмонлар барпо этиш, кўчатхоналар ташкил этиш, халқаро миқёсда тан олинган углерод стандартларига мос лойиҳа дизайнини ишлаб чиқиш, кенг кўламли ташаббусларни амалга ошириш учун Корея компанияларининг инвестицияларини жалб қилиш, ҳудудларда экотизимларни тиклаш орқали ижтимоий-иқтисодий мувозанатни таъминлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Аҳамиятлиси, келажакда маҳаллий салоҳиятни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорлик ва иқлимни молиялаштириш имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш каби муҳим натижаларга эришиш кутилмоқда.



