Тошкент давлат аграр университет талабалари билан учрашув ўтказилди
2026-01-15 14:38:00 / Янгиликлар

Тадбирда университет ректори Нарзулло Обламуродов, Агентлик масъуллари, ҳудудий таянч ўрмон хўжаликлари раҳбарлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Дастлаб Эркин Муҳиддинов ва тадбир иштирокчилари университетда ташкил этилган уруғчиликни ривожлантириш ва кўчат қаламчаларини илмий асосда етиштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали усулда сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш лабораториялари ҳамда ўрмончилик ва ландшафт дизайни ўқув-амалий хонаси фаолияти билан танишишди.
Тадбирда Агентлик директори, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ҳамда талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот давомида ўрмон хўжалиги соҳасининг бугунги долзарб масалалари, истиқболли йўналишлари ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, семинарда соҳага оид билим ва кўникмаларга эга, иқтидорли ҳамда хорижий тилларни пухта биладиган талабаларни Ўрмон агентлиги ва унинг тизимидаги хўжаликларга ишга жалб этиш, уларнинг касбий ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.









