Сурхон тоғларида топилган қўнғир айиқ боласи 3 ёшга тўлди
2026-01-12 12:05:00 / Янгиликлар
2023 йил қишнинг совуқ кунларида Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Узун давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида онасидан ажралиб қолган, 6–7 ойлик нимжон қўнғир айиқ боласи топилган эди. Ўша пайтда ёлғиз қолган бу митти пахмоқнинг яшаб қолиш эҳтимоли жуда кам эди. Мутахассисларнинг ўз вақтида кўрган чоралари туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Айиқ боласи дастлаб ўрмон хўжалигида парвариш қилинди. Бир муддат ўтиб, у Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди. Реабилитация марказида ветеринария мутахассислари томонидан зарур даволаш тадбирлари ўтказилди. Умумий аҳволи яхшилана бошлаган жониворга Зинка деб ном берилди.
Зинка бугун соғлом ва қувноқ. У ҳайвонот боғига ташриф буюрувчилар, айниқса, болажонларнинг севимли жонзотларидан бирига айланган. Айни пайтда у 3 ёшни қарши олмоқда.
Тошкент ҳайвонот боғига келувчиларга, албатта, азим Сурхон тоғларида туғилган Зинкани бир марта бўлса ҳам кўриб кетишларини тавсия қиламиз. Чунки, бу танишув ҳар биримизда ёввойи табиатга бефарқ бўлмаслик, асраб-авайлаш ҳиссини уйғотиши тайин.




