Президент мамлакат ривожининг экологик устувор йўналишларини белгилаб берди
2025-12-29 15:37:00 / Янгиликлар

Саноатни модернизация қилиш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш
Президент атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида йирик корхоналар учун 100 миллион АҚШ долларлик кредит линияси очилишини маълум қилди. Ушбу маблағлар атмосфера ҳавосига чиқариладиган зарарли моддаларни камайтириш учун фильтрлар, тозалаш иншоотлари ва чиқиндиларни мониторинг қилиш станцияларини ўрнатишга йўналтирилади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги иссиқхона хўжаликлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳудудларда кўмир ва газда ишлайдиган қарийб 2 мингта иссиқхона мавжудлиги таъкидланди. Фильтрсиз кўмир ёқиладиган қозонхоналардан босқичма-босқич воз кечиш режалаштирилган. Бундай объектлар пойтахт ташқарисига кўчирилади, иссиқлик таъминоти эса марказлашган қозонхоналар орқали ташкил этилади. Шу мақсадда камида 200 гектар майдонга эга агрокластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтмоқчи бўлган иссиқхоналарга алоҳида субсидиялар ажратилади.
Экологик тоза транспортни ривожлантириш
Мурожаатномада автотранспорт воситалари учун экологик стикерлар бериш тизимини жорий этиш эълон қилинди. Қайд этилишича, шаҳар тирбандликлари нафақат аҳолининг кундалик ҳаётини қийинлаштиради, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказади. Халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, автомобиллар зарарли чиқиндилар даражасига кўра таснифланади ва уларга мос экологик стикерлар берилади. Атроф-муҳитга юқори зарар етказувчи транспорт воситаларининг пойтахт, вилоят марказлари ва шаҳарларга кириши чекланади.
Бундай автомобиллар эгалари учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган. Хусусан, эски транспорт воситасини янгисига алмаштиришда автокредит фоиз ставкасининг бир қисми компенсация қилинади. Шунингдек, чиқиндилар ҳажмини камайтириш учун фильтрлар ўрнатишга тайёр бўлган ҳайдовчиларга харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратилади.
Тошкент ва йирик шаҳарларда жамоат транспортни ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Автобус ва таксилар учун ажратилган махсус йўлаклар тармоғи кенгайтирилади, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида эса интеллектуал светофорлар асосида ҳаракатни бошқариш тизими жорий этилади.
Мурожаатноманинг алоҳида қисми электромобиллардан фойдаланишни рағбатлантиришга бағишланди. Экологик тоза транспорт воситалари сонини оширишга қаратилган беш йиллик дастур амалга оширилади. Дастур доирасида маҳаллий электромобиллар учун автокредитлар 12 фоиз, импорт электромобиллар учун эса 16 фоиз ставкада тақдим этилади. Қувватлаш станцияларини ташкил этаётган тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, шунингдек, ер участкаларини аукционларда бозор нархидан икки баробар арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади. Электромобилларни қувватлашда 1 киловатт-соат учун 300 сўмдан ошган электр энергияси харажатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Электромобилларда такси хизмати кўрсатаётган фуқаролар учун ҳам қўшимча имтиёзлар белгиланган.
Яшил ҳудудларни кенгайтириш
Чанг-тоʻзонларининг олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда “яшил макон” ҳудуди барпо этилади, Сирдарё вилоятида эса 84 километр узунликдаги “яшил девор” ташкил этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 250 минг гектар майдонда, жумладан, Оролнинг қуриб қолган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари, шунингдек, камида 20 та соя-салқин сайр йўлаклари барпо этилиши режалаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш ва экологик таълимни ривожлантириш
Президент яқин беш йил ичида корхоналарда экостандартларни жорий этиш камида 30 минг нафар экологик менеджер тайёрлашни талаб этишини таъкидлади. Шу муносабат билан 2026-йилда ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафаргача мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.
Шунингдек, Марказий Осиё Яшил университети (“Green University”) фаолияти кенгайтирилади. Ҳаво, сув ва тупроқ сифатини баҳолашга мўлжалланган комплекс лабораториялар ташкил этилади. Шаҳарларда табиий шамоллатишни кучайтириш бўйича илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилади.
Умуман олганда, 2026-йилда экология соҳасини ривожлантириш учун 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Сув ресурсларини бошқариш бўйича комплекс чора-тадбирлар
Давлат раҳбари сув ресурслари масаласига алоҳида тўхталиб, дунёда сув танқислиги тобора долзарб муаммога айланиб бораётганини қайд этди. 2026-йилда сувни тежовчи технологияларни жорий этишга 3 триллион 300 миллиард сўм ажратилади. 1 300 километр магистрал каналлар бетонлаштирилади, бу эса ҳар йили 500 миллион куб метр сувни тежаш имконини беради. Шунингдек, очиқ дренаж ва коллектор тизимларини ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Пойтахтимиз, вилоят марказлари ва шаҳарларда “яшил” ҳудудларни кенгайтириш учун суғориш ва дренаж тизимларини қайта тиклаш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун 160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади ҳамда 63 километр янги каналлар барпо этилади. Бу чора-тадбирлар шаҳарда янада салқин ва қулай микроиқлим шаклланишига хизмат қилади.



