Республиканинг 3 та ҳудудида янги ўрмон хўжаликлари ташкил этилмоқда
2025-12-24 11:35:00 / Янгиликлар

Ушбу қарорга асосан республикада ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш ва чўлланишга қарши тизимли курашиш мақсадида Булунгур ва Сўх туманлари хамда Тошкент шаҳрида янги ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари ташкил этилади.
Қарорга мувофиқ, 2 ой муддатда Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўрмон фонди ерлари тоифасига ўтказиш тўғрисида Ҳукумат комиссиясига таклифлар киритади.
Булунғур, Сўх ва Тошкент шаҳар давлат ўрмон хўжаликларига назарда тутилган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилади.
Шунингдек, янги ўрмон хўжаликлари фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлар тегишли тартибда Самарқанд, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Асосийси, мамлакатимизда ўрмон билан қопланган – яшил майдонлар янада кенгайтирилади, бунинг натижасида республика ҳудудларида экологик барқарорлик муҳити таъминланади ва иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатишга эришилади.



