Марказий Осиёда ўрмон ландшафтларини тиклаш масалалари муҳокама қилинди
2025-12-10 15:11:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, Жаҳон банкининг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Аббате Асферачею, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон республикаларидан ўрмон хўжалиги соҳаси экспертлари, халқаро ташкилотлар масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган минтақадаги экотизимларни тиклаш бўйича энг йирик ташаббус – Марказий Осиёнинг барқарор ландшафтларини тиклаш дастури (РЕСИЛАНД CA+) лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар минтақада иқлим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Марказий Осиё мамлакатларида ерларнинг деградацияга учраши, ўрмонлар ҳудудининг қисқариши бир қатор экологик муаммоларни келтириб чиқаради. Бу муаммо, айниқса, иқлим ўзгариши жараёнида экологик ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан сезиларли зарар етказадиган сел ва сув тошқинлари сонини кўпайтиради. Шу сабабли, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида экологик ва ўрмон хўжалиги сиёсатини уйғунлаштириш, ресурсларни барқарор бошқариш ҳамда иқтисодий-ижтимоий ва экологик устуворликни мувозанатлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ушбу халқаро шартномалар лойиҳалари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда туризм, биохилма-хилликнинг инвентаризациясини ўтказиш, трансчегаравий экологик коридорни бошқариш, умумий табиий ҳудудларда табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини мониторинг қилиш, ўрмон ёнғинлари ҳақида эрта огоҳлантириш тизимини яратиш, шунингдек, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистон чегаралари туташган ҳудудларда “Тинчлик парк”ларини яратиш билан боғлиқ. “Тинчлик парк”лари экотизимларни сақлаш, экотуризмни ривожлантириш, табиий офатлар хавфини камайтиришга кўмаклашиш ва чегара ҳудудлари аҳолиси учун иқтисодий имкониятлар яратишга мўлжалланган.
Минтақавий мулоқот давомида Марказий Осиё давлатлари давлат органлари вакиллари юқорида қайд этилган халқаро шартномалар лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Ҳозирги кунда RESILAND CA+ дастури Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистонда амалга оширилмоқда. Ушбу дастур Ўзбекистонда 250 минг гектардан ортиқ ўрмон ва яйловларни тиклашда ёрдам беради. Ушбу лойиҳа 6 та ҳудуд – Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарёда амалга оширилмоқда.
Жумладан, ландшафтларни тиклашнинг 6 та варианти ишлаб чиқилди ва ихтисослаштирилган питомниклар ташкил этилди. 10 минг гектардан зиёд яйлов ерларини террасалаш ва иҳоталаш ишлари амалга оширилди. Зомин миллий табиат боғида экотуризмни ривожлантириш қўллаб-қувватланмоқда. Бу ерда 30 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминланади. Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг 2018-йилги Бонн чақириғи доирасида белгиланган мақсадга эришишга — 2030 йилгача деградацияга учраган 1 миллион гектар ерларни қайта тиклашга ёрдам беради.








