Шофирконда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда
2025-12-05 11:42:00 / Янгиликлар

Туман бўйича кўкаламзорлаштириш ишлари кенг қамровда олиб борилмоқда. Жорий мавсумда фермер хўжаликлари далаларига 165 минг туп, боғ ва токзорлар барпо этиш учун қарийб 55 минг туп кўчат ажратилди. Маҳалла ҳудудларида 150 минг туп ниҳол экилиши белгиланган бўлса, Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги йўл бўйлари, кўп қаватли уйлар атрофи ва бошқа манзилларга 47 минг тупдан ортиқ кўчатлар экилмоқда. Шунингдек, ўрмон фонди ерлари учун 274 минг туп кўчат ажратилган.
Бундан ташқари, автомобиль йўллари бўйлари бўйлаб 17 минг, каналлар, ариқлар ва зовурлар атрофини кўкаламзорлаштириш учун қарийб 20 минг туп ниҳол ўтқазилиши кўзда тутилган. Мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари ҳудудларида 10 минг туп, соғлиқни сақлаш объектлари атрофида 9 минг, техникумларда 3 минг туп кўчат экилиши режалаштирилган. Тижорат банклари ва чиқинди полигонлари ҳудудларига эса яна 16 минг туп кўчат ажратилган.
Шу билан бирга, туманда янги тутзорлар барпо этиш мақсадида қарийб 94 минг туп кўчат экиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугун дарахт кўчатлари экиш тадбири Шофиркон туманининг Мингчинор ҳудудида ташкил этилди. Давлат ўрмон хўжалигининг Шофиркон туман бўлими тасарруфидаги 20 гектар майдон кўкаламзорлаштириш учун ажратилган бўлиб, бу ерга 17 минг туп кўчат экиш режалаштирилган.
Тадбирда 3,5 гектар майдон тозалаб тайёрланиб, 2 минг туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Мингчинор ҳудудида ўтказилган кўчат экиш тадбирида туман ҳокими Алишер Файзиллоев, туман прокурори Шамшод Мамаризаев, туман ИИБ бошлиғи Рустам Юсупов, солиқ инспекцияси раҳбари Отабек Муқимов, банклар ва йирик корхоналар раҳбарлари, ўрмон хўжалиги мутахассислари ҳамда 200 нафарга яқин фуқаролар фаол иштирок этди. Кўкаламзорлаштириш жараёнларини тизимли ташкил этиш мақсадида 10 га яқин махсус техника жалб қилинди.
Туман ҳокими ўз нутқида ҳар бир экилган кўчатнинг келажак учун тоза ҳаво, соғлом муҳит ва табиий барқарорлик гарови эканини таъкидлаб, барча фуқароларни ушбу ҳаракатда фаол иштирок этишга чақирди.






