Болгариянинг "Аcта Climate" компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2025-12-03 11:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўрмон агентлиги масъуллари, Green Univercity ректори в.б. Ш.Нуриллоев, олимлар ҳамда экспертлар иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ҳудудида деградацияга учраган ер майдонларини тиклаш, янги ўрмонлар барпо этиш ва ҳудудларни барқарор ривожлантириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
"Аcта Climate" мутахассислари томонидан Ўзбекистонда аффорестатсия лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки баҳолаш ва ўрганиш ишлари бошлангани маълум қилинди. Мазкур лойиҳа деградацияга учраган ерларни тиклаш, карбонни узоқ муддатли тарзда сингдириш ва Верра / ВCС халқаро стандарти бўйича сертификатлашни ўз ичига олади.
Экспертлар Ўзбекистоннинг ўрмон хўжаликлари ва маҳаллий ҳудудлар кесимида экологик, климатик, тупроқ ва логистик маълумотларни аниқлик билан тақдим этиш муҳимлигини таъкидладилар. Маълумотлар вилоят ёки туман даражасида эмас, балки аниқ ўрмон хўжаликлари кесимида тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Якунда томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан мақсад ва вазифалар белгилаб олинди.


