Ўрмонларда биологик хилма-хилликни сақлаш масалалари муҳокама қилинди
2025-11-28 14:20:00 / Янгиликлар

Тадбирда Экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар экспертлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон ўрмон экотизимларининг экологик таснифи бўйича илмий ишланмаларни тақдим этиш, замонавий технологияларнинг ноёб турлар яшаш муҳитини сақлашдаги имкониятларини намойиш этиш, шунингдек, миллий ва халқаро даражадаги табиий ресурсларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар табиий ресурсларни баҳолаш, экотизимларни мониторинг қилиш ва улардан барқарор фойдаланишда илмий асосланган ёндашувнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир давомида Ўзбекистонда илк бор сунъий интеллект технологиялари, сунъий йўлдош мониторинги, GIS геомаълумотлари ва рақамли картографияга асосланган ўрмонларнинг комплекс экологик таснифи яратилгани ҳақида маълумот берилди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Жаҳон банки ва IUCN вакиллари иштирокида панель муҳокамаси ўтказилди.
Унда экологик таснифнинг ноёб турларни сақлашдаги роли, RESILAND лойиҳаси натижаларини миллий режалаштиришга интеграция қилиш, CITES доирасида мониторинг ва ҳисобот юритишда рақамли маълумотлардан фойдаланиш, минтақавий ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек маҳаллий аҳолининг табиатни муҳофаза қилиш ташаббусларига жалб этилиши муҳокама қилинди.





