савол жавоблар
БСК ТАШКИЛОТИ ЯЪНИ ОЛДИНГИ ШИРКАТ МАҲАЛЛАНИ РОЗИЛИГИСИЗ УНИ МАЖБУРИЙ БСКГА КИРИТИШИ МУМКИНМИ?
07.11.2019 йилдаги "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги" Қонунга кўра, ҳар бир кўп қаватли уй жойлар мулкдорлари умумий йиғилиш қарори билан бошқариш усулини эркин танлаши мумкин. Бунда 8-моддада мулкдорлар томонидан бевосита бошқарилиши ёки юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот ёки жисмоний шахс (якка тадбиркор) томонидан шартнома асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Қайси бир бошқарув усулини танлаш мулкдорлар умумий йиғилиш қарори билан, 50 фоиздан кўпчиликнинг иштирокида ҳал қилинади. Ушбу Қонунда бошқа масалалар ҳам кўрсатилган.
ОНА ВАФОТ ЭТГАН ФАРЗАНДИНИНГ МЕРОСИГА МЕПОСХЎР БЎЛАДИМИ? ЎҒЛИНИНГ ВОЯГА ЕТГАН ИККИ НАФАР ФАРЗАНДИ БОР. ОНАСИ ЎҒЛИНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ БИЛАН ТЕНГ ҲУҚУҚЛИ МЕРОСХЎРМИ?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига кўра, қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
ОНАМ УКАМГА УЙИМИЗНИ ҲАДЯ ҚИЛГАН ЭДИ... ХОТИНИНИНГ ҲАМ РУХСАТИ КЕРАК БЎЛАДИМИ?
Йўқ, рухсати олинмайди, лекин хотини шу уй-жойда рўйхатда турса, хадя шартномасида унинг фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолиши тўғрисида кўрсатиб ўтилиши мумкин. Қонун бўйича эр-хотинга хадя, мерос бўлиб ўтган ёки никоҳ тузулгунга қадар тегишли мол-мулклар уларнинг ҳар бирининг алоҳида мулки ҳисобланади.
БИЗ УЧ ОПА-СИНГИЛМИЗ… МЕРОСДАН ЎЗИМИЗГА ТЕГИШЛИ УЛУШНИ ҚАНДАЙ ОЛАМИЗ?
Фуқаролик Кодексининг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари биринчи навбатдаги меросхўрлар доирасига киради. Фарзандлар мерос қолдирувчининг мерос мол-мулкига нисбатан тенг ҳиссада меросхўр ҳисобланадилар. Мерос қонун ва васиятнома асосида вужудга келади. Фуқаролик судига мурожаат қилишдан аввал нотариус томонидан мерос қайси асослар бўйича берилганлигини билиш керак. Агар васиятнома бўлса, мерос шу асосда берилиши мумкин. Васиятнома бўйича мерос олишида мажбурий улушга эга бўлган меросхўрлар доираси аниқланади.
УЙ ЖОЙ СОТИБ ОЛГАН ЭДИМ… СУРДО ТАРЖИМОН КЕРАК ДЕЙИШДИ. НИМА ҚИЛСАК БЎЛАДИ?
Кар-соқовлик нуқсони бўлган, муомала лояқатига эга бўлган, аммо сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариусга ёзма равишда билдирса, сурдо таржимон иштирокисиз ҳам нотариал ҳаракат амалга оширилиши мумкин.
МЕН СОТИБ ОЛГАН АВТОМАШИНАМ… ЭГА ВАФОТ ЭТДИ. ИШОНЧНОМА САҚЛАНАДИМИ?
Фуқаролик кодексининг 141-моддасига кўра, ишончнома уни берган фуқаронинг муомала лояқати чеклангани, бедарак йўқолгани ёки вафот этганлиги сабабли бекор бўлади. Демак, сиз автомашинани сотиш ҳуқуқига эга эмассиз.
ИПОТЕКА КРЕДИТИГА ОЛИНГАН УЙНИ СОТИБ ОЛМОҚЧИМАН. АММО, ИПОТЕКА ТЎЛОВИ ТУГАГУНЧА УЙНИ ОЛДИ-СОТДИ ҚИЛИБ БЎЛМАС ЭКАН. КЕЙИНЧАЛИК АЛДАНИБ ҚОЛМАСЛИК УЧУН СОТУВЧИ ВА МЕНИНГ ЎРТАМДА ҚАНАҚАДИР КЕЛИШУВ ҚИЛСАК БЎЛАДИМИ?
Ипотека асосида олинган уй тақиқда турган бўлса, уни сотиб ололмайсиз. Нотариус ҳам кредит мажбуриятлари бажарилмагунга қадар ёки банк розилигисиз битим тасдиқлаб беролмайди. Фақатгина кредит маблағи ажратган банк томонидан ипотека шартномасига ўзгартириш киритиш, қўшимча шартнома тузиш йўли билан бу масала ҳал қилиниши мумкин. Банк тақиқ сақланган ҳолда уйнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга рухсат бериши мумкин. Бунда, кредит шартномасига ва ипотека шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Кредит ва ипотека шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар янги сотиб олувчига ўтади ва нотариус электрон равишда ”Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали янги сотиб олувчига тегишли бўлган тақиқ қуяди. Янги сотиб олувчи ўз навбатида квартирага тақиқ сақланган ҳолатда олди-сотди шартномасини давлат руйхатидан ўтказади ва унда мулк ҳуқуқи вужудга келади.
2021-ЙИЛДА СУБСИДИЯ АСОСИДА УЙ ОЛГАНМАН, 20 ЙИЛ МУДДАТГА КРЕДИТ РАСМИЙЛАШТИРГАНМАН. АГАР АЁЛИМ БИЛАН АЖРАШСАМ, УЙ НИМА БЎЛАДИ?
Қонуний никоҳ давомида орттирилган мулклар эр ва хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Турмуш қурган шахс оила учун ипотека кредети олганида, иккинчи турмуш ўртоги биргаликда қарз олувчига айланади (ҳатто унинг исми кредит шартномасида бўлмаса ҳам). Мулк кимга тегишли экани муҳим эмас. Умумий қоидаларга кўра, бу эр-хотиннинг умумий мулки бўлиб иккаласи ҳам қарзни тўлаш учун жавобгардир. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан эр-хотин ўртасида никоҳ давомида умумий орттирилган мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ва алоҳида мулкка эгалик қилиш шартларини белгилаган ҳолда никоҳ шартномаси тузиш мумкин. Эр-хотин ажрашган тақдирда никоҳ шартномасига асосан ипотекага олинган квартиранинг кимнинг эгалик ҳуқуқига ўтишини белгилаш мумкин.
БЎЛИБ-БЎЛИБ ТЎЛАШ ЁЪЛИ БИЛАН АВТОМАШИНА СОТИБ ОЛГАНДА, ТЎЛОВ ТЎЛИҚ ТЎЛАНГАНДАН СЎНГ РАСМИЙЛАШТИРИШ ПАЙТИДА АВТОМАШИНА ЭГАСИНИНГ ХОТИНИ ДАЪВО ҚИЛМАСЛИГИ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Жавоб: Агар автомашина учун тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олаётган бўлсангиз, автомашина эгасининг турмуш ўртоғидан автомашина учун тўловни бўлиб-бўлиб амалга ошириш йўли билан сотишга розилиги ҳақидаги нотариал тартибда тасдиқланган розилик аризасини олиш керак.
