Рақобат қўмитаси: Рақамли технологиялар билан самарали назорат ҳамда шаффофлик сари
2025-10-02 13:00:00 / Янгиликлар
(2025 йилнинг 1 декабридан бошлаб “Истеъмолчи мурожаати” янги электрон тизим ишга туширилмоқда)
Бугунги рақамлашган дунёда бозор иқтисодиётининг шаффофлиги ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш муҳим вазифалардан бирига айланган. Ўзбекистонда бу соҳада асосий ваколатли давлат органи сифатида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фаолият олиб бормоқда. Рақобат қўмитасининг асосий вазифалари бозорларда адолатли рақобат қоидаларини назорат қилиш, монополияга қарши курашиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, товар ва хизматлар нархларининг асоссиз оширилишининг олдини олиш ва давлат харидларида рақобатбардошликни таъминлашдан иборатдир. Қўмитада бундай фаолиятни амалга оширишда эса замонавий рақамли технологияларни амалиётга татбиқ этилиши иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Мисолларга мурожаат қилсак, қўмита томонидан дастлаб ўз фаолиятини янада такомиллаштириш ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда интерактив мониторинг ўрнатиш мақсадида фармацевтика соҳаси ва уй-жойларни харид қилиш йўналишида янги электрон тизимни йўлга қўйди. Албатта, мазкур лойиҳалар хорижий мамлакатларнинг тажрибалари ва қўмита фаолияти таҳлилларидан келиб чиққан ҳолда яратилди.
Қўмита томонидан фармацевтика қонунчилигининг истеъмолчилар фойдасига бажарилиши бўйича FAIR TECH ягона ахборот тизими доирасида алоҳида модул ишлаб чиқилди. Унга кўра, тармоқ Солиқ қўмитаси ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан интегрaциялаштирилди. Тартибга кўра, “Солиқ” мобил иловаси орқали харид қилинган дори воситасининг назорат-касса чекини QR-коди билан сканерлаш натижасида белгиланган чакана нархлари бўйича оширилган устама аниқланган тақдирда, автоматик равишда қўмитага хабарнома тушади ва ортиқча маблағлар истеъмолчига қайтарилиши таъминланади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалдаги мавжуд меъёрий ҳужжатларга асосан дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун – харид нархининг 15 фоизидан, чакана савдода – улгуржи нархнинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланадиган максимал савдо устамаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши белгилаб берилган.
Бу янги тизим амалиётга жорий этилиши аввало ўзаро ахборот алмашинувини таъминлаб, фармацевтика соҳасидаги нархларни назорат қилиш, онлайн аризаларни кўриб чиқиш ва истеъмолчиларга етказилган зарарни тезкорликда қоплашда ўзининг яхши натижаларини бериб келмоқда.
РАҚАМЛАРГА ТЎХТАЛИБ ЎТСАК, қўмитанинг мазкур “Fair tech” ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар юзасидан ўрганиш ўтказилганда 1 525 та дорихонада 332 704 та ҳолатда 14,2 млрд сўм асоссиз даромад олинганлиги аниқланиб, уларни фуқароларга қайтариш чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, Қўмита томонидан янги қурилаётган уй-жойларни улуш киритиш асосида харид қилишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида эскроу тизими йўлга қўйилди. Бу тизим жорий этилгунга қадар, қурилиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини бузилиши юзасидан 2021 йилда 423 та, 2022 йилда 758 та, 2023 йилда 1 347 та, 2024 йилда 1 693 та, 2025 йилнинг ўтган даврида 653 та мурожаатлар келиб тушган.
Эскроу тизими йўлга қўйилиши натижасида жорий йилда эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан, мурожаатлар сони 25 фоизга қисқарди.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш учун қўмитанинг 1159 қисқа рақамли Call-маркази, расмий интернет саҳифаларидан Telegram bot (@rquzBot) ва сайтлари (https://raqobat.gov.uz/uz/xizmatlar/jismoniy-va-yuridik-shaxslarni-murojaatlari/) ҳам фаолият юритмоқда. Фуқароларга соҳа юзасидан қизиқтирган саволларига жавоб олишлари учун Jivochat онлайн тизими йўлга қўйилган.
Мазкур манбалар орқали ўтган 2020-2025 йилларда қўмитага истеъмолчилардан ёзма, оғзаки ва электрон шаклда уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда реклама муносабатлари масалалари бўйича 128 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
Рақамлардан кўриниб турибдики, кейинги йилларда мурожаатлар сони кескин кўпайиб борган. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорлар қўллаб-қувватланаётгани сабабли ички бозорда товарлар, ишлар ва хизматлар кўлами кенгайиб,сотувчи (ёки хизмат кўрсатувчилар) ва истеъмолчилар ўртасида баъзида турли муаммоли муносабатларни келтириб чиқараётгани билан боғлиқ.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган “Ўзбекистон - 2030” стратегияси “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, жорий йилда Рақобат қўмитасига «Истеъмолчи мурожаати» электрон тизимини жорий этиш вазифаси юклатилгани бу борада айни муддао бўлди.
Қўмита томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини оширишга қаратилган ушбу Фармон ижроси юзасидан “Fair tech” ягона ахборот тизими доирасида «Истеъмолчи мурожаати» бўйича модул яратилган. Рақобат қўмитаси ҳузуридаги “Рақамли трансофрмация ва аутсорсинг маркази” давлат муассасаси томонидан бугунги кунда мазкур ишлар ниҳоясига етказилиш арафасида. 2025 йилнинг 1 декабридан бошлаб янги электрон тизим тест асосида ишга туширилиши режалаштирилган.
Мазкур тизимдан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларнинг мурожаатлари қабул қилиниши ва уни тўлақонли ўрганилиши таъминланади, йўналишлари аниқ бўлиб, тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга тезкорлик билан йўналтирилади, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органларининг аралашуви камаяди.
Асосийси, эндиликда шикоят ва аризалар тезкор ҳал этилиши учун тўғридан-тўғри тадбиркорлик субъектларига етказилади ва масала қисқа муддатда ҳал этилишига эришилади ҳамда онлайн мурожаатларни ҳал этиш бўйича уларнинг рейтинги шакллантириб борилади.
Шунинг билан бир қаторда электрон тизим аризаларини кўриб чиқиш ҳолатини мониторинг қилишнинг барча босқичлари Қўмита ҳамда барча вазирлик ва идораларнинг қатъий назоратида бўлиб, шак-шубҳасиз бу билан шаффофлик таъминланишига эришилади.
Отабек УСМОНОВ,
Жамоатчилик билан алоқалар
бўйича раис маслаҳатчиси
