ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ ЯНГИ БИЛИМЛАР САРИ!
2025-09-02 08:20:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому-алайкум, азиз ўқувчилар!
Ҳурматли устозлар, Қадрли ота-оналар!
Мен сўзимнинг аввалида барчангизни куни - кеча кенг нишонланган ва бутун ватанимиз бўйлаб шукуҳи кезаётган энг улуғ ва энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги билан самимий муборакбод этаман!
Мустақиллик йилларида юртимизда ёшлар келажаги, уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларини таъминлаш масаласи давлат аҳамиятига молик устувор вазифа сифатида қаралиб, бу борада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, айтиш мумкинки ёшларимизнинг тақдири ҳал бўладиган умумий ўрта таълим тизимини янада ривожлантириш, ўқувчиларга замонавий талаблар асосида таълим-тарбия бериш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўси ва нуфузини ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар барчамизни қувонтиради, албатта!.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари халқимизнинг сизларга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларини ифодалайди: “Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”.
Азиз ўқувчи-ёшлар!
Мароқли ёзги таътилдан сўнг янги ўқув йили бошланиб, қўлларида гул, қалбларда ҳаяжон билан севимли мактаблари томон ошиқаётган ўқувчи-ёшларнинг севинчлари чексиз.
Бугун мамлакатимизнинг барча ўқув муассасаларида бўлгани каби Учқудуқ туманидаги 19 та мактабда ҳам биринчи қўнғироқ тадбирлари бўлиб ўтмоқда. “Билимлар куни” муносабати билан ўтказилаётган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида ташкил этилмоқда.
Туманимизда 2025-2026 ўқув йилида 946 нафар болажонлар 1 - синфларга қабул қилиниб, уларга “Президент совға”лари тантанали топширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Учқудуқ туманида ҳам эътибор самараси сифатида тизимдаги педагог ходимларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига эътирофли натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, сўнгги марта эълон қилинган ҳудудлар ва мактаблар рейтингида Учқудуқ тумани вилоятда кучли учталикда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда.
2024-2025 ўқув йилида туманимиздаги 19 та мактабни 458 нафар йигит-қизларимиз битириб, мустақил ҳаётга йўл олди. Битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткич 90 % ни ташкил этмоқда.
Таълим тизимига қаратилаётган улкан эътибор натижаси ўлароқ Учқудуқ туманида ҳам ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Мактаблар замонавий кўринишга келтирилиб, моддий техник базаси мустаҳкамланмоқда. Жумладан, таълим муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш, ёшларнинг сифатли таълим олишлари учун 4 – мактабда 4 млрд. 200 млн. сўм эвазига капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Худди шундай 12 ва 5 – сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ҳар бири 1,5 млрд. сўм маблағ ҳисобидан жорий таъмирдан чиқарилмоқда. 13 –сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида жами 4 млрд. 612 млн. сўм эвазига қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 20-мактабда 1 млрд. 300 млн. сўм маблағ сарфланиб, ёпиқ стадион қурилиши жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси 24 та компьютер жамламаси, 25 та планшетлар билан янада бойитилди.
Азиз ўқувчи ёшлар !
Мен яна бир бор Сизларни бугунги байрам тадбири ва янги ўқув йилининг бошланиши билан чин дилдан қутлайман!.
Ҳурматли Президентимиз, устозларингиз ва ота-оналарингиз ишончини оқлаб, келажакда яхши билим кўникмаларини эгаллашингизга ишонаман!.
Сизларга узоқ-умр, сиҳат-саломатлик, ўқишларингизда улкан зафарлар ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан!.
Эътиборларингиз учун рахмат!
