Маҳоратли ўқитувчилар-миллат таянчи
2025-08-20 14:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар, форум иштирокчилари!
Азиз ўқитувчилар, фидоий устозлар, тарбиячи ва фахрийлар!
Муҳташам “Учқудуқ” саройида тўпланган туманимизнинг фаол ва ташаббускор, энг илғор устозларини “Маҳоратли ўқитувчилар-миллат таянчи” шиори остида ташкил этилаётган “IV-Устозлар миллий форуми” билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларни маънавият ва маърифатга бешик бўладиган, маърифат, зиё улашувчи устозларни бир жойга жамлаган ушбу кошонада кўриб турганимдан хурсандман.
Азиз устозлар!
Сизлар билан энг улуғ байрам Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллиги остонасида учрашиб турибмиз.
Яқинда ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев: “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорни имзоладилар. Қарорга кўра, байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилишини белгилаб бердилар. Ва, ўйлайманки 2025-2026 ўқув йили ютуқларга бой йил бўлади.
Таълим муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш ёшларга барча қулайликларга эга шарт-шароитларни яратиш мақсадида 4 – мактабда 4 млрд. 200 млн. сўм эвазига қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Худди шундай 12, 13 ва 5 – сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ҳар бири 1,5 млрд. сўм маблағ ҳисобидан мукаммал таъмирдан чиқарилмоқда.
Шунингдек, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида 2024 йилда республика ва маҳаллий бюджетнинг
0,4 млрд. сўм маблағлари ҳисобидан 20 дона компьютер, 2 дона электрон доска берилган бўлса, 2025 йилда 0,6 млрд. сўм маблағ ҳисобидан 24 дона компьютер, 3 дона электрон доска, 25 дона планшетлар билан янада бойитилди.
Бундан ташқари 6 млрд. сўм “Ташаббусли бюджет” ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 4 та мактаб ва мактаб таълим ташкилотлари моддий техник базаси мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, 20 – мактабда 1 млрд. 300 млн. сўм маблағ сарфланиб ёпиқ стадион қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу ерда қуёшли ва ёмғирли кунларда ҳам ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилади.
Эътиборлиси, ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш тизими йўлга қўйилган 1 та мактабга 20 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 номдаги жиҳозлар олиб берилди.
Шунингдек, 6 та мактабнинг чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик синф хоналари 10 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бирламчи ҳарбий-таълим воситалари билан тўлиқ жиҳозланди.
Умумтаълим мактабларини дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминлашда ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2023 йилда умумтаълим мактабларидаги бадиий адабиётлар сони 49 814 дона бўлган бўлса 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 55 515 донага етказилди. Бунинг учун республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 50, 0 млрд. сўм дан ортиқ маблағлар ажратилди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Барчангизга маълумки туманимизда таълим сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида Учқудуқ тумани вилоятда кучли учталикда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда.
2024 йилда тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган тарбиячи ва педагогларнинг 211 нафари ёки 27 фоизи ўз йўналишида олий, 215 нафари ёки 28 фоизи ўз йўналишида биринчи, 122 нафари ёки 15,7 фоизи
2 – тоифали ўқитувчилар ҳисобланади.
Миллий сертификатга эга бўлган ўқитувчилар сони: 20-мактабда – 17 нафар, 10 – мактабда – 15 нафар, 18-мактабда – 11 нафар, 7-мактабда – 5 нафар, 13-мактабда – 3 нафар жами 51 нафарни ташкил этмоқда.
Худди шундай, 10-мактабда - 25 нафар, 20-мактабда – 21 нафар, 7-мактабда – 17 нафар, 18-мактабда – 13 нафар ҳамда 4,5,13-мактабларда 1 нафардан жами 79 нафар ўқувчи миллий сертификатларга эга бўлишди.
Бугунги кунда туманда 40 нафар ўқитувчи давлатимиз раҳбари томонидан яратилган барча имкониятлардан тўлиқ фойдаланганлиги учун 1 000 ва 1 500 доллар миқдорида ойлик маош олиб келмоқда.
Ҳурматли педагоглар!
2024-2025 ўқув йилида умумтаълим мактабларини 458 нафар 11 синф ўқувчилари битирди. Битирувчи синф ўқувчиларининг 95 фоизи қабул комиссиялари орқали ҳужжат топшириб тест синовларида иштирок этди.
Шунингдек, мактаб битирувчиларининг 24 нафари муддатидан олдин олий таълим муассасаларининг талабалари сафига қабул қилинди.
2024-2025 ўқув йили туманимиз учун қувончли хабарларга бой йил бўлди деб, айтсак муболаға бўлмайди.
Хусусан, ўтган ўқув йилида олий таълим муассасаларига киришнинг ўртача бали бўйича республиканинг 208 та туман шаҳарлар ўртасида Учқудуқ тумани биринчи ўнталикда қайд этилди.
Шунингдек, Президент соврини учун "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танловининг вилоят босқичида туманимизнинг 7-мактабнинг жамоаси 2-ўринни қўлга киритиб, республикада фаол иштирок этиб қайтди.
"Заковат" интеллектуал ўйинининг вилоят босқичида фахрли
2-ўринни эгаллаган 7-мактаб жамоаси республикада фаол иштирок этди.
Яна бир муҳим жиҳат, Халқаро ва мамлакат миқёсида ўтказилаётган спорт мусобақаларида учқудуқлик ёш спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этиб, юқори поғоналарни забт этаётганлигини таъкидлаш ўринли. Жумладан, 3-мактаб ўқувчиси Нозима Нормуродова Жанубий Кореянинг Гоесан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида миллий кураш бўйича
44 кг. вазн тоифасида 1-ўринни эгаллади.
Ушбу факт ва рақамларда умумтаълим мактабларида таълим сифатининг оширилиши натижасида ўқувчилар томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи йилдан йилга ошиб бораётганлиги кўришимиз мумкин.
Ҳурматли меҳмонлар ва форум иштирокчилари!
Таълим муассасаларида олиб борилаётган ишларни давом эттириш мақсадида 2025-2026 ўқув йилида ҳам кўплаб ишларни амалга оширишни ўз олдимизга режа қилиб олганмиз.
Хусусан, мактабгача таълим соҳасида давлат ва нодавлат сектор тармоғи кенгайтирилиши натижасида йил якунига қадар туманимизда 3-7 ёшли болалар қамрови 94,5 фоизга ва 6 ёшли болалар қамрови эса 100 фоизга етказилади.
Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасларида таълим сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида 2025 йилнинг 4-чорагида ўтказиладиган ўқитувчилар аттестация жараёнларида тоифали ўқитувчилар улуши 70,7 фоиздан 73,0 фоизга оширилиши кўзда тутилган.
Янги 2025-2026 ўқув йилда тумандаги умумтаълим мактабларининг 1-синфига 946 нафар болажон илк бора қадам қўяди. Улар учун ажратилган 13 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғаси тўпламлари таълим муассасаларига тўлиқ етказилди.
Ҳурматли устозлар!
Албатта яратилган шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар натижаси ўқувчиларга берилаётган таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлигида кўринади. Буни шарафли уддалашимиз учун барча таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнлари замонавий талаблар асосида сифатли ташкил этилиши, ота-оналар, жамоатчилик билан фаол ҳамкорлик муҳити яратилиши, ҳар бир педагогнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиб, дарсларда ўқувчиларга зарурий билимларни берилишига эришишимиз муҳим!
Зеро жамиятимиз тараққиёти, эртанги кунимизнинг қандай бўлиши бугунги ёшларимизнинг қандай таълим-тарбия олишларига боғлиқдир.
Азиз педагоглар, Сиз орқали туманимизнинг барча педагог ва устозларини, тарбиячиларини яна бир бор давлатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги билан муборакбод этган ҳолда, машаққатли ва масъулиятли, шу билан бир қаторда шарафли касбингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
