ПОЛИТЕХНИКУМ БИТИРУВЧИЛАРИГА ДИПЛОМЛАР ТОПШИРИЛДИ
2025-06-24 16:20:00 / Янгиликлар
Учқудуқ туман 1-сон политехникум битирувчиларига диплом топширишга бағишланган тантанали маросим “Учқудуқ” маданият саройида ўтказилди. Унда жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, ўқитувчи ва битирувчилар иштирок этди.
“Оқ йўл сизга, битирувчилар!” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда сўз олганлар мамлакатимиз ёшлари хусусан, Учқудуқ 1-сон политехникуми ўқувчиларига яратилган шароитлардан фахрланиб гапирди. Бундай имкониятдан унумли фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилиб, битирувчиларга муваффақиятлар тиладилар.
Жорий йилда мазкур ўқув муассасасини 4 та йўналиш бўйича 135 нафар ўқувчи битирмоқда. Уларнинг 10 нафари фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириб, имтиёзли дипломни қўлга киритди.
Шундан сўнг, битирувчиларга туман ҳокими ўринбосари Н.Муратов ҳамда 1-сон политехникум директори Б.Қодиров томонидан дипломлар тантанали топширилди. Ўқув йили жараёнида ютуқларга эришган, ўзларининг интизоми ва билимга чанқоқлиги билан ажралиб турган ўқувчилар ҳамда уларга таълим беришда ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган фидоий мураббийларга фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари берилди.
Тадбир якунида ўқиши, намунали хулқи, одоби, тиришқоқлиги ва жамоат ишларида фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган битирувчиларнинг ота-оналарига политехникум раҳбарияти томонидан миннатдорчилик билдирилди.
Эндиликда, баъзи бир битирувчилар ўзлари танлаган олий таълим даргоҳларида ўқишни давом эттирсалар яна кўпчилиги эгаллаган касбида меҳнат фаолиятини амалга оширишни мақсад қилишган.
Уларнинг мақсади битта: она Ватан тинчлиги ва равнақига муносиб улуш қўшиш. Буни ёшларнинг юз-кўзларидаги ҳайрат, қувонч ва ҳаяжондан англаш мумкин!.
Бекзод АЛИМОВ,
Учқудуқ туман 1-сон политехникум ММИБДЎ.
