Илм энг буюк шараф
2025-05-24 08:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум ҳурматли устоз – мураббийлар ва азиз битирувчи ёшлар!
Мана, бугун юртимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида 2024-2025 ўқув йили ҳам ниҳоясига етиб, яна бир йилга улғайдингиз. Кечагина жажжи қадамлари билан отаси ёки онаси ҳамроҳлигида мактаб остонасига кириб келган болажонларимиз, бугун шахдам қадам ташлайдиган, ўз олдига мақсад қўйган ўқувчига айланди.
Бугунги “Илм – энг буюк шараф!” шиори остида ўтказилаётган “Сўнги қўнғироқ” тадбирларида, Сиз азиз ўқувчиларни ва шу муқаддас даргоҳда қўлимизга қоғоз-қалам тутқазиб, ёзув-чизувни ўргатган, минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини бахш этган, ўз ўқувчиларига, ҳақиқатдан ҳам, ҳаёт мактабини берадиган мўътабар устозларимизни ва барчангизни ўзим номимдан ва туман ҳокимлиги номидан самимий муборакбод этаман!
Ҳурматли мактаб битирувчилари!
Сиз ҳаётингизда энг муҳим қадамларни бошлаш арафасидасиз. Шу вақтгача қадрдон мактабдаги устозларингиз ва дўстларингиз билан ўтказган кундалик турмуш тарзингиз ўрнига янги ҳаёт, ажойиб таассуротлар ва тажрибалар оламига сафарингиз бошланмоқда.
Ҳозирда кўпчилигингиз асосий вақтингизни олий таълим муассасаларига кириш учун тайёргарликка қаратмоқдасиз ва бу йўлда барчангизга омад тилаб қоламан! Инсон муваффақиятининг кўпи билан 10 фоизи омадга ва ташқи омилларга, қолган 90 фоизи эса айнан ўзига боғлиқ эканлиги учун олдингизга юқори мақсадлар қўйиб, ўз кучингизга ишониб тинмай ҳаракат қилишингиз зарур!
Энг асосийси, вақтингизни беҳуда ўтказманг! Вақт — ҳаётингиздаги энг қимматбаҳо ресурс ҳисобланади. Вақтингизни доим ўзингиз, оилангиз ва жамиятга фойда келтириш учун сарф қилинг ҳамда мамлакатимиз нуфузини оширишга ўз ҳиссангизни қўшинг!
Мустақил ҳаётга қадам қўйишни бошлар экансиз, сизнинг келгуси фаолиятингизга муваффақиятлар тилайман!
Азиз ўқувчи ёшлар!
Сиз Ватанимизнинг эртанги келажаги, юртимиз номини дунёга танитгувчи ишончимизсиз! Шундай экан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Дунёда энг катта бойлик-ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир”, “Ёшлар – келажагимиз пойдевори” деган сўзлари ва Сиз ёшларга бўлган катта ишончини оқлаб, нафақат туманимиз, бутун республикамизни ҳам дунёга танитадиган шижоатли, билимли, ҳар томонлама етук ёшлар бўлиб етишасиз деган умиддаман.
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, ота-оналар!
Жорий ўқув йилида туманимиздаги 14 та таълим муассасасидан 458 нафар битирувчи мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Уларнинг 12 нафари олтин медаль билан мактабни тамомлаётган бўлса, 22 нафари муддатидан олдин талабаликка қабул қилинганлигини таъкидлашни истардим.
Шунингдек, халқаро сертификатларни қўлга киритган битирувчилар сони 20 нафарни, миллий сертификатларни қўлга киритганлар сони 160 нафарни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, 458 нафар 11-синф битирувчиларининг барчаси қисқа касбга йўналтирувчи курсларда таҳсил олиб, сертификатлар эга бўлишди.
Фан олимпиадасининг вилоят босқичида Учқудуқ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳам фаол қатнашдилар. 2025 йил натижаларига кўра, "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танловининг туман босқичида 7-мактаб жамоаси 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичида фахрли 2-ўринга сазовор бўлиб, 200 млн. сўм маблағларни қўлга киритди.
Айни дамда ўқувчиларимизнинг олдида якуний имтиҳонлар ва олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари турибди. Ҳеч шубҳасиз, уларнинг мустақил ҳаёт бўсағасида нурли манзилларни катта довонларни забт этишларида яна Сиз устозларнинг ва ота-оналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши жуда муҳим ҳисобланади.
Азиз битирувчилар!
Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир таҳсилни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади.
Қаерда бўлманг, мактаб партасида олган билимларингиз сизга қўл келишига, келгусида уларни янада мустаҳкамлаб боришингизга умид қиламан. Ватанимиз ривожи учун ўз ҳиссангизни қўшишингизга аминман.Барчангизга сиҳат-саломатлик, иш ва ўқишларингизда каттадан-катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман!
Мактаб даргоҳидаги сўнгги, мустақил ҳаёт йўлингиздаги илк қўнғироғингиз муборак бўлсин!
Мустақил ҳаётдаги қадамларингиз қутлуғ ва баракали бўлсин, азиз ўғил-қизларимиз!.
Эътиборингиз учун рахмат!
