САНОАТ ПЕШҚАДАМЛАРИ – ЗАМОНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ҚАҲРАМОНЛАРИ!
2025-05-16 13:40:00 / Янгиликлар

Наим АМОНОВ, Шимолий кон бошқармаси директори.
Қизилқум – кончилик ва металлургия саноати ходимларининг азму шижоат ила қилаётган меҳнатига гувоҳ замин. Бу кенгликларда чин маънодаги жасорат соҳиблари умргузаронлик қиладилар. Бепоён саҳро бағрида нафақат ерости бойликлари балки асов чўл табиати инжиқликлари ҳам бисёр! Бироқ, Қизилқумлик азаматлар мураккаб иқлимнинг синову қийинчиликларини илм ва фидойилик билан забт этишга ўрганганлар. Бу ғайрат ва шижоат замирида Ватан ривожи йўлида хизмат қилишдек улуғвор мақсадлар жамланган. Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, кончилик ва металлургия саноати ходимларининг фидокорона меҳнати билан бепоён Қизилқум бағридан қазиб олинаётган ва дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган олтин ва бошқа қазилма бойликлари мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамиятга эга. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқларда бўлгани каби кон-металлургия саноатида ҳам мутлақо янги даврни бошлаб берди. 2017-2026-йилларда комбинатни стратегик ривожлантириш бўйича тасдиқлаган дастур доирасида олиб борилган ишлар натижасида гигант корхона мавқеи жаҳоннинг забардаст компаниялари билан тенглашмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати АЖ Бошқаруви раиси - Бош директор Қувондиқ Санақуловнинг қўллаб-қувватлаши билан Шимолий кон бошқармасида маъдан қазиб олиш ва қайта ишлаш суръатини ошириш янги қувватларни ишга тушириш бўлинмаларни модеренизация қилиш йўналишида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бунда саноат учун зарур бўлган кичик деталдан тортиб, кўрганнинг ҳайратини оширадиган осмонўпар технологиягача ёхуд кадрлар салоҳиятидан тортиб, кон бошқармаси жойлашган ҳудуд аҳолисининг фаровон ҳаётигача бўлган масалалар Бош директорнинг эътибори ва назоратида. Дарҳақиқат, бошлаган ҳар бир саъй-ҳаракатлар замирида кўпмиллатли жамоа ишчи-ходимларини рози қилишдек улкан мақсадлар мужассам. Жумладан, мустақил юртнинг биринчи олтин заводи – 3-сонли гидрометаллургия заводининг 30 йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир қабул қилинган чора-тадбирлар дастури ижроси жадал олиб борилаётир. Завод биносининг ташқи фасад қисми таъмирланди, 900 ўринли маиший бино реконструкция қилинди. 5 секцияли сув совутиш минораси, секцияли градирнияси биносининг қурилиш – реконструкция ишлари ҳамда чиқиндилар полигонининг III - навбат III - босқич қурилиши ниҳоясига етказилди. Хабарингиз бор, ўтган йили майдалаш цехида 7 ва 8 блоклари ишга туширилган эди. Маъданни қайта ишлаш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган ушбу саъй – ҳаракатлар натижасида техник сувга бўлган талаб бирмунча ортди. Мазкур масаланинг ижобий ечими ўлароқ, “Бешбулоқ” сув ҳавзасидан 3-сонли гидрометаллургия заводига сув етказиш лойиҳаси” ишлаб чиқилди. Яъни, “Бешбулоқ” қўшимча ерости сув қудуқларининг 3 та насос станцияси, 4 та 700м3 сиғимидаги сув ҳавзасини қуриш ва “Бешбулоқ”дан “Босимли захира сув ҳавзаси” гача бўлган масофада 21 км. узунликдаги сув қувури тортиш режалаштирилган. Ишлар қизғин олиб борилиб, лойиҳа жорий йилнинг II- чорагида фойдаланишга берилади. Шу билан бирга, “Ауминзо-Амонтой” конларининг олтин таркибли маъданларини қазиб олиш ва қайта ишлаш ҳамда 5-сонли гидрометаллургия заводи 1-сонли чиқиндилар харитасининг II - босқичи, йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмаларини қуриш лойиҳалари бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, “Шарқий” конида маъмурий-бошқарув биноси қад ростлади, “Довғизтов” кони ҳудудида овқатланиш биноси, ишчилар учун маиший комбинати мавжуд бўлган замонавий шароитлар билан жиҳозланган 150 ўринли ётоқхона, “Турбай кони”да кон автогаражи таъмирлаш участкаси қурилиб фойдаланишга топширилди. 2024 йил ниҳоясида олдимизга қўйилган ғоят муҳим вазифаларни ҳазрат Навоийнинг: “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ!” ҳикматларини тафаккур ва таҳлил этган ҳолда янги 2025 йилга қадам қўйгандик. Зиммамизда, комбинат раҳбарияти томонидан жамоа мутахассисларининг илму - ғайратига билдирилган катта ишонч ва масъулият кўндаланг турарди. ШКБ нинг 8000 нафар ишчи-ходимлари сони яна 6000 нафарга ортиши янги жамоа билан режаларнинг залворию юкини биргалашиш довонларни музаффар енгиш оддий қилиб айтганда, аҳилликда муштни бир жойга уриш, дегани эди! Комбинат тузилмалари бир-биридан олисда жойлашгани ёки кўпмиллатли ёхуд кўпсонли бўлишига қарамай, эътирофдаги гигант компаниямиз ходимларига хос бўлган жиҳат борки, у ҳам бўлса юрт иши учун ҳамжиҳатликда елкама-елка туришдир! Айни вақтда, сафларимиз қарийб, 14 000 нафарга етган ШКБ бўлинмаларини масофалар ажратмайди. Аксинча, масъулият ва жавобгарлик хисси билан меҳнат қилиш янги-янги ғалабаларга эришиш шаҳди бирлаштиради. Йил бошидаёқ жамоа азаматлари механик бунёдкорлик малакаларини кўрсатдилар. Уларнинг билим ва тажрибалари туну кун масъуллик хисси билан қилган саъй-ҳаракатлари натижасида “Довғизтов” конида даврий узлуксиз технология, 3-сонли гидрометаллургия заводида биооксидлаш цехининг 9- ва 10-модуллари, “Амонтой” ва “Турбай” конларида механик қурилмалар ишга туширилди. Бундан ташқари, кон бошқармаси ходимларининг 2025 йилнинг 4 ойи давомидаги меҳнатлари, маъданга чуқур таҳлил, билим ва аниқлик билан ёндошувлари асосидаги кўрсаткичлар натижадор бўлди. Белгиланган режалар муддатидан олдин бажарилганлигини таъкидлаш ўринли. Кон-металлургия саноати кўптармоқли. Бир соҳанинг ривожи бошқасини тақозо қилади, бири-бирисиз тараққий этолмайди. Бунда, корхона равнақи учун олдиндан тузилган таъминлов стратегияси муҳим. Сифатли таъминот бу – ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ўз вақтида ва юқори самара билан бажарилиши учун асосий пойдевордир. Ишлаб чиқаришда фойдаланиш ва ижтимоий бинолар қурилиши учун йил бошидан буён 1 млрд. 694 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар таъминоти амалга оширилди. Корхона тасарруфидаги бўлинмаларнинг ишлаб чиқариш қуввати ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда маҳаллийлаштириш дастури доирасида йил давомида 26 та лойиҳа бўйича 1284 дона жами 22 млрд. 145,4 млн. сўмлик маҳсулот ҳамда импорт ўрнини босувчи 619 дона жами 3 млрд. 606,9 млн. сўмлик детал ва ускуналар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Жорий йил январ-март ойларида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлардан 26 та лойиҳа бўйича жами 599,3 млн. сўм миқдоридаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Даврнинг ўзи бизга анъанавий, ҳамон ҳукмрон бўлган энергия манбаларидан воз кечиш ва қайта тикланадиган энергия манбалари – “яшил” энергияга ўтиш пайти келганини тобора тасдиқламоқда. Иқлим ўзгаришлари ҳавонинг ифлосланиши сув захиралари ва табиий ресурсларнинг тобора қисқариши каби ўсиб бораётган экологик муаммолар шароитида тежамкор, экологик тоза ва қайта тикланадиган энергия манбалари босқичма-босқич саноат ҳудудлари ва ижтимоий соҳа объектларига жорий этилмоқда Йил номига мутаносиб мавжуд яшилликни сақлаб қолиш, олдинги йилларда барпо этилган боғларни сувсизликдан, чўлланиш ва турли таъсирлардан ҳимоялаш ҳамда янги яшил майдонлар ҳосил қилишдан иборат. Шу мақсадда цех ва бўлинмаларда саноатга яқин ҳудудларда “яшил белбоғ”лар ҳосил қилиш учун чўл иқлимига мос дарахт кўчатлари ўтқазилди. 16 гектар ер майдони томчилатиб суғориш тизимига ўтказилди. Навоий КМК АК ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича қатъий тартиб-қоидаларга мувофиқ, муносиб меҳнат шароитларида ишлаши дам олиши ва касб касалликларидан сақланиши устувор масала сифатида қаралади. Махсус кийим, махсус оёқ-кийим ва бошқа якка тартибдаги ҳимоя воситалари учун 3 287 716 933 сўм, соғлом меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда касб касалликларининг олдини олиш учун, 14 894 117 546 сўм маблағ сарфлангани фикримиз далилидир. 731 нафар ходим меҳнат муҳофазаси бўйича билимларини оширган бўлса яна 430 нафар ходим меҳнат муҳофазаси соҳасида дастлабки ўқув курсини тамомлади. Барча саъй-ҳаракатлар давлат раҳбарининг халқчил ислоҳотларига таянган ҳолда оилалар турмуш фаровонлигини ошириш ва одамларни рози қилишдек улуғвор ишларни кўзлаб амалга оширилаётир. Ана шу мақсадда, ШКБда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 31 нафар, туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш марказининг квота йўлланмаси асосида 42 нафар фуқаро ишга қабул қилинган. Олий таълим муассасаларининг 206 нафар битирувчиси турли соҳа ва тармоқларда меҳнат фаолиятини бошлаган. Заҳматли меҳнатга муносиб рағбат ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан. Бугунги кунда ШКБ да 9 нафар турли давлат мукофоти, 193 нафар “Кончилик шуҳрати” ва 88 нафар “НКМК фахрийси” кўкрак нишони соҳиблари меҳнат қилмоқдалар. Дарҳақиқат, корхона ишчи-ходимлари ҳар соҳада фаол интилувчан, ёшлар эса билимдон, спортчи, зукко. Мутахассислар ёруғлик тезлигидек юксалаётган илм-фан ва техника билан ҳамнафас!. Бир сўз билан айтганда, ўз олдига кўлами кенг мақсадлар қўйган кучли жамоамиз! Бу залвори улуғвор ишларда она ватан кутаётган жасорат ҳамда Навоий КМК АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қувондиқ Санақуловнинг юксак ишончи куч-ғайрат беради. Янги Ўзбекистоннинг фаровон ва нурли келажаги учун бор илму идрокимиз, қудрат-қурбатимиз ва малака-тажрибамизни сафарбар қилганмиз!.
