ТАДБИРКОР ТАШАББУСИ БИЛАН...
2025-05-13 11:40:00 / Янгиликлар

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – иқтисодиётнинг таянч нуқтаси, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим йўналишлардан бири. Юртимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун кенг қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса янги хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилишида ёки фаолият турларини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир!.
“Ишонч-Феруз” ХК номи учқудуқликларга яхши таниш. Қурилиш, савдо-маиший хизмат қўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, чорвачилик сингари ўнлаб йўналишларида фаолият юритадиган хусусий корхонада 50 ортиқ доимий, 100 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган.
Куни-кеча “Ишонч-Феруз” меҳмонхонаси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Мазкур мажмуанинг умумий лойиҳа қиймати 8 миллиард сўм бўлиб, қурилиш ишлари корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган. 37 ўринга мўлжалланган 17 та хонадан иборат меҳмон уйи бетакрор меъморий кўриниш, яратилган қўшимча қулайликлар, автотураргоҳ, ошхона ва юқори даражадаги сервиси билан Учқудуқ туманидаги бошқа меҳмонхоналардан алоҳида ажралиб туради.
–Ҳозирда туризм соҳасига қаратилаётган эътибор, қолаверса, тадбиркорларга яратилган кенг имкониятлар туфайли ўнлаб йўналишларда фаолият юритмоқдамиз. Меҳмонхона соҳаси биз учун янги йўналиш, лекин мўъжаз Учқудуққа турли ҳудудлардан ҳатто бошқа мамлакатлардан кўплаб меҳмонларнинг ташриф буюришини эътиборга олиб, шу соҳага қўл урдик,– дейди тадбиркор Ҳусниддин Нормуродов. –Муҳими ўндан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди.
Замонавий “Ишонч-Феруз” меҳмон уйи Учқудуққа ташриф буюрувчи меҳмонлар ва хорижлик сайёҳларни ўзига жалб этиши шубҳасиз.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.





