«ЙИЛ АЁЛИ — 2026»: ИСТЕЪДОД, ФИДОЙИЛИК ВА ТАШАББУСЛАР ЭЪТИРОФИ
2026-11-17 17:35:00 / Янгиликлар
Истеъдод, изланиш, ташаббус ва фидойилик! Аёлнинг жамиятдаги ўрнини белгилайдиган муҳим фазилатлар. Учқудуқ туманида ўтказилган «Йил аёли — 2026» миллий танлови айнан шу фазилатларни ўзида мужассам этган фаол ва ташаббускор хотин-қизларни бир майдонга жамлади.
“Қизилқум” маданият уйида бўлиб ўтган мазкур танловни туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Н. Нажмиддинова кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, турли соҳалардаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Танлов иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.
Уч босқичли шартлар асосида ташкил этилган беллашувда иштирокчилар ўз изланишлари, ҳаётий тажрибаси, меҳнатга бўлган муносабати ва янги ғояларга интилишини намойиш қилдилар.
Танлов якунига кўра, қуйидаги иштирокчилар турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритдилар:
· «Йилнинг энг яхши ижодкор аёли» — Н. Муйдинова;
· «Йилнинг энг жонкуяр устози» — Ф. Нурматова;
· «Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарғиботчиси» — М. Зарипова;
· «Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори» — Ф. Суярова;
· «Йилнинг энг яхши ИТ-дастурчи аёли» — Н. Маҳкамова;
· «Йилнинг энг яхши уй бекаси» — Ш. Холова;
· «Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси» — Г. Кожамуратова.
Танловда фаол иштирок этган хотин-қизлар ташаккурномалар билан, ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар эса диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Албатта, «Йил аёли» каби танловлар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, уларнинг иқтидори, меҳнати ва ташаббусларини кенг намоён этиш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди. Муҳими, бундай эътирофлар янги марралар сари интилаётган опа-сингилларимизга куч ва ишонч бағишлайди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.
