УЧҚУДУҚ АҲОЛИСИ ДИҚҚАТИГА! КИБЕРФИРИБГАРЛИКДАН ОГОҲ БЎЛИНГ
2026-11-16 14:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Учқудуқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Кахаров Зафаржон Сунатиллаевичнинг туман аҳолисига мурожаати
Ассалому алайкум, ҳурматли Учқудуқ тумани аҳолиси ва меҳмонлари!
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар биргина мақсад — халқни рози қилиш ва уларга яқиндан хизмат кўрсатишга қаратилган бўлиб, бунда икки муҳим масалага, яъни тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш, аҳолининг кундалик ижтимоий-маиший муаммоларини фуқаробай ҳал этиш борасида янгича ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Ҳурматли тумандошлар!
Бугун барчамиз учун муҳим бўлган масала — киберхавфсизлик ва интернетдаги фирибгарликлардан ҳимояланиш ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Сўнгги йилларда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Ижтимоий тармоқлар, онлайн тўловлар ва электрон хизматлар кундалик ҳаётимизга катта қулайлик яратмоқда.
Афсуски, ушбу қулайликлардан кибержиноятчилар ҳам фойдаланмоқда. Улар турли усуллар орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари реквизитлари ҳамда махфий кодларини қўлга киритишга ҳаракат қиладилар.
Кибержиноят — компютер технологиялари ва телекоммуникация тармоқларидан фойдаланилган ҳолда содир этиладиган жиноят туридир. Бундай жиноятлар фуқароларнинг мол-мулкига, шахсий маълумотларига ва ахборот хавфсизлигига зарар етказишга қаратилган бўлади.
Бугунги кунда кибержиноятчилар томонидан қуйидаги усуллар кенг қўлланилмоқда:
сохта банк хабарлари ёки "пул ютуғи" ҳақидаги СМС ва интернет хабарлари юбориш;
ўзини таниш инсон сифатида таништириб, банк картаси маълумотларини қўлга киритишга уриниш;
ишга жойлаштириш, грант ёки кредит ажратиш баҳонасида фуқаролардан пул талаб қилиш;
турли мессенжер ва ижтимоий тармоқлар орқали зарарли ҳаволаларни юбориш.
Шу муносабат билан сизлардан қуйидагиларга қатъий амал қилишингизни сўрайман:
Номаълум ҳаволаларга кирманг ва бегона файлларни юклаб олманг.
Парол, ПИН-код ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга берманг.
Банк картангиз реквизитлари ҳамда СМС орқали келган тасдиқлаш кодларини сир сақланг.
Шубҳали қўнғироқ ёки хабарларга ишонманг.
Фарзандларингиз ва яқинларингизни интернетдаги хавфлардан мунтазам огоҳлантириб боринг.
Агар шубҳали ҳолатга дуч келсангиз ёки фирибгарлик аломатларини сезсангиз, дарҳол 102 ёки 112 қисқа рақамларига мурожаат қилинг.
Эслаб қолинг, киберхавфсизлик — бу нафақат техник масала, балки ҳар биримизнинг ҳушёрлигимиз ва масъулиятимиздир.
Ўз маълумотларингизни асранг, ўзингизни ва яқинларингизни ҳимоя қилинг!
Хавфсиз интернет — хавфсиз жамият!
