СПОРТЧИЛАРИМИЗДАН ХАЛҚАРО МАЙДОНДА ЯНГИ ҒАЛАБАЛАР!
2026-11-12 10:15:00 / Янгиликлар

Учқудуқ тумани спорт мактаби тарбияланувчилари нуфузли мусобақаларда муносиб натижаларни қўлга киритиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
«Президент олимпиадаси» спорт мусобақалари доирасида пара пауэрлифтинг бўйича ўтказилган беллашувларда Умрзоқ Абдужалилов фахрли 2-ўринни эгаллаб, Республика босқичида 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Яна бир қувонарли натижа Туркиянинг Истанбул шаҳрида 28 октябрь — 7 ноябрь кунлари ИБСА томонидан пауэрлифтинг ва ётган ҳолда штанга кўтариш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида қайд этилди.
Учқудуқ тумани спорт мактаби тарбияланувчиси Қутлуғнигора Райимова катталар ва ёшлар ўртасидаги беллашувларда юксак маҳоратини намойиш этиб, жами 4 та медаль — 2 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Бу ғалаба ортида нафақат ёш спортчининг машаққатли меҳнати, интилиши ва матонати, балки онаси Раъно Асобаеванинг ишончи ва беқиёс қўллаб-қувватлаши ҳам мужассам, десак тўғри бўлади.
Ёшлигидан онаси Қутлуғнигорани қўлидан етаклаб спорт тўгарагига олиб борган. Унинг ҳар бир машғулоти, илк ютуғи ва кичик қадамини катта умид билан кузатиб келган. Спортга бўлган қизиқишини нафақат маънавий, балки моддий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаган.
Қизининг орзулари йўлида доимо елкадош бўлиб келган онаси бу сафар ҳам Истанбулда унинг ёнида бўлди. Ҳар бир беллашувни ҳаяжон билан кузатиб, ғалабаларини бирга нишонлади.
— Қутлуғнигорани кўриш имконияти чекланган бўлса-да, унинг қалбида спортга бўлган иштиёқ ва катта мақсадлар доимо кучли бўлган. Истанбулдаги жаҳон чемпионатида ҳам ёнида бўлдим. Ҳар бир беллашувини ҳаяжон билан кузатдим. Бу медаллар ортида қизимнинг тинимсиз меҳнати, матонати ва ҳеч қачон ортга чекинмаган иродаси мужассам. У билан фахрланаман ва ҳали кўплаб зафарларга эришишига ишонаман. Қутлуғнигоранинг иродаси менга ҳам куч бағишлайди, доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман, - дейди Раъно Асобаева.
Ғолиб спортчиларни тақдирлаш маросими «КЕLАJАК” ёшлар марказида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими ўринбосари Нурладин Муратов иштирок этиб, спортчиларни эришган ютуқлари билан самимий қутлади ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Бу ғалабалар ёш спортчиларнинг тинимсиз меҳнати, матонати ва қатъияти самарасидир. Ишончимиз комилки, уларнинг бугунги ютуқлари эртанги янада катта зафарлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади!
Умрбек Салимов,
Учқудуқ туман спорт мактаби директори.

