Коррупцияга қарши курашиш — барчамизнинг бурчимиз
2026-11-06 14:35:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда коррупцияга қарши курашиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ-419-сонли "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган. Мазкур Қонун коррупциянинг олдини олиш, унга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Коррупция нафақат иқтисодий тараққиётга, балки жамиятда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис унга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас, балки давлат органлари, ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаронинг умумий масъулиятидир.
Айниқса, иқтисодиёт ва молия соҳасида маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига қатъий риоя қилиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш ҳамда мансаб ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланишга йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади.
Қонунчиликда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари белгилаб берилган. Уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимли ёндашув ҳамда коррупциянинг олдини олиш чораларининг устуворлигига амал қилиш ҳар бир ташкилот фаолиятининг муҳим мезони бўлиши лозим.
Коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик назорати ҳам муҳим ўрин тутади. Фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупциявий ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, қонунбузилиш ҳолатларига бефарқ бўлмаслик жамиятда соғлом муҳит қарор топишига хизмат қилади. Қонун фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашишда иштирокини ҳам назарда тутади.
Шунингдек, ҳар бир давлат хизматчиси ўз хизмат вазифаларини виждонан ва ҳалол бажариши, мансаб ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланмаслиги, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга масъулият билан ёндашиши зарур.
Туман Иқтисодиёт ва молия бўлимида ҳам коррупциянинг олдини олиш, бюджет маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, хизмат вазифаларини бажаришда қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига риоя этиш муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади.
Зеро, коррупцияга қарши курашишда энг самарали йўл — унинг оқибатлари билан эмас, балки келиб чиқиш сабаблари билан курашишдир. Бунинг учун ҳар бир соҳада очиқликни таъминлаш, қарорлар қабул қилиш жараёнини шаффоф ташкил этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш — бу фақат қонун талабини бажариш эмас, балки жамият келажаги учун масъулиятни ҳис қилишдир. Ҳар биримиз ўз вазифамизга ҳалол ва виждонан ёндашсак, қонун устуворлиги ва адолат тамойилларига амал қилсак, коррупция учун шароит қолмайди.
Коррупцияга қарши муросасиз муносабат — юксак ҳуқуқий маданият, ҳалол меҳнат ва адолатли жамиятнинг муҳим асосидир.
Туман Иқтисодиёт ва молия бўлими
