Учқудуқ: очиқ мулоқот ва самарали ҳамкорлик
2026-10-29 11:40:00 / Матбуот анжуманлари

Учқудуқ туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кенг ёритиш, аҳолини қийнаётган масала ва муаммоларни жамоатчилик эътиборига олиб чиқиш ҳамда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган учрашув ташкил этилди.
Учқудуқ — вилоят марказидан қарийб 320 километр, республика пойтахтидан эса 1000 километрга яқин масофада жойлашган, ўзига хос тарихи ва тараққиёт йўлига эга ҳудуд. Бугун бу заминда 40 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари шунингдек, ечимини кутаётган масалаларни кенг жамоатчиликка етказишда журналист ва блогерларнинг ўрни муҳим.
Учрашувда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, ахборот хизмати, ОАВ ва блогерлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳудуд ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни холис ва тезкор ёритиш, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган муаммоларни тегишли мутасаддилар эътиборига етказиш масалалари муҳокама қилинди.
—Учқудуқ — бу ерда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг мўъжаз ватани. Туманда амалга оширилаётган эзгу ишлар, эришилаётган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни шу заминда яшаётган аҳолининг, ўзимизнинг ютуқ ва камчиликларимиз сифатида қабул қилишимиз керак. Биз, журналистлар, блогерлар ва медиасоҳасига қизиқувчи ёшлар ҳамжиҳатликда фаолият юритсак, номи тилларда достон бўлган Учқудуқнинг ижобий қиёфасини янада кенг тарғиб қилишга ҳисса қўшамиз. Ҳудуддаги муаммоларни ҳам холис ёритиб, халқ ва ҳокимият ўртасидаги ишончли кўприкка айланишимиз зарур, — деди Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари — матбуот котиби Райҳон Қодирова.
Самимий мулоқот руҳида кечган учрашувда Шимолий кон бошқармаси мухбири, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Лайло Каримова ҳамда блогер ва бошловчи Қобил Қурбонов ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Улар ҳудуддаги муҳим воқеа-ҳодисаларни кенг ёритиш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиш борасидаги таклифларини ўртоқлашдилар.
Учрашув давомида билдирилган фикрлар ахборот хизмати, журналистлар ва блогерлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳоли манфаатларига дахлдор масалаларни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ҳудуднинг ахборот майдонидаги фаоллигини оширишга қаратилди.
Зеро, очиқ мулоқот, холис ахборот ва самарали ҳамкорлик — аҳоли ишончини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва Учқудуқнинг бугунги қиёфасини кенг намоён этишнинг муҳим шартидир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
