Туман ҳокими Елмуратов Учқун Файзуллаевичнинг 25-октябр — Ички ишлар органлари ходимлари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганининг 35 йиллигига бағишланган байрам табириги
2026-10-28 11:25:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум ҳурматли фахрийлар! Учқудуқ тумани ички ишлар органлари ходимлари! Сизларни куни-кеча нишонланган — Ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлашдек ғоят масъулиятли вазифани шараф билан адо этиб келаётган барча соҳа фидойиларининг меҳнати эътирофга муносиб, албатта!
Зеро, тинчлик ва осойишталик бор жойда тараққиёт, бунёдкорлик ва фаровонлик бўлади.
Бугун юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ички ишлар органларининг аҳоли билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда профилактика ишларини манзилли ташкил этиш, ҳар бир маҳалладаги криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноятчиликка сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, Учқудуқ туманида ҳам ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, тегишли ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг ўтган тўққиз ойи якунлари мазкур йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Жорий йилда 99 та жиноят қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 30 тага ёки 43,5 фоизга ошган. Мазкур рақамлар жиноятчиликка қарши курашишда мавжуд ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, профилактика чораларининг таъсирчанлигини ошириш ва ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишларни кучайтириш лозимлигини англатади.
Шунингдек, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони 31 тани ташкил этган. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш, хавф гуруҳидаги шахслар билан индивидуал ишлаш, оилавий ва ижтимоий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ҳамда профилактик чораларнинг натижадорлигини оширишни долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўяди.
Айниқса, ўғирлик, безорилик, оғир турдаги жиноятлар, жиноят-қидирув йўналишидаги ҳолатлар ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайиши тегишли идоралар олдига аниқ вазифаларни қўймоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда фақат содир этилган жиноятларга нисбатан чора кўриш билан чекланиб қолмасдан, уларни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш ҳамда фуқароларнинг қонунга ҳурматини оширишга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш талаб этилади.
Шу билан бирга, фирибгарлик ва иқтисодиётга оид айрим жиноятлар сонининг камайгани шунингдек, босқинчилик, товламачилик, номусга тегиш, транспорт воситасини олиб қочиш ва қасддан одам ўлдириш жиноятларининг қайд этилмагани профилактика ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятда ижобий жиҳатлар ҳам мавжудлигини кўрсатади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 декабрдаги қарори ижроси доирасида «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбири ўтказилмоқда. Мазкур тадбир доирасида амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли билан манзилли ишлаш ишлари жиноятчиликни камайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, 14 та маҳалланинг 3 тасида жиноятлар сони камайган, 2 тасида барқарор ҳолат сақланган. “Кокаяз” овул фуқаролар йиғинида эса жиноят қайд этилмаган. Лекин 8 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинида ошган.
Ушбу рақамлар ҳар бир маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, профилактика ишларини ташкил этиш, муаммоли ҳудудларда масъулларнинг жавобгарлигини ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигини кўрсатади.
Айни пайтда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида ижтимоий профилактика тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Шу боис профилактика ишларини фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси сифатида эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулияти сифатида қабул қилишимиз зарур.
Ҳурматли ички ишлар органлари ходимлари!
Сизларнинг касбингиз катта масъулият, мустаҳкам ирода, қатъият ва фидойиликни талаб этади. Хизмат вазифангизни бажариш жараёнида турли қийинчиликларга дуч келсангиз-да, халқ осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз билан юртдошларимиз ишончини қозониб келмоқдасиз.
Ишончим комилки, ҳудудда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этишда ўз билим ва тажрибангиз, касбий маҳоратингиз ҳамда ватанпарварлик фазилатларингизни тўлиқ намоён этасиз, албатта!.
Фурсатдан фойдаланиб, ички ишлар органларида кўп йиллар самарали хизмат қилиб, бугунги кунда фахрийлар сафида бўлган инсонларга ҳам чуқур эҳтиромимизни билдирамиз.
Барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор самимий табриклайман! Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, бахт-саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Қонун устуворлиги, аҳоли манфаати ва инсон қадрини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматингизда доимо омад ва зафарлар ёр бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!
