Прес-релиз УЧҚУДУҚ ТАЪЛИМИ: ЮКСАЛИШ ВА НАТИЖАЛАР!
2026-10-09 17:40:00 / Пресс-релизлар
Учқудуқ туманида мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш, ўқувчилар билимини ошириш ҳамда педагоглар салоҳиятини юксалтириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
«Учқудуқ тумани таълим тизимида натижа ва янги марралар: 2026–2027-ўқув йилидаги устувор вазифалар» мавзусидаги анжуманда янги ўқув йилида амалга ошириладиган асосий чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Кейинги йилларда Учқудуқ туманида таълим сифати ва педагог кадрлар салоҳиятини ошириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Агар илгари олий тоифали ўқитувчилар улуши 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, бугун 30 фоизга етди. Биринчи тоифали педагоглар улуши эса 5 фоиздан 26 фоизга кўтарилди. Натижада тумандаги ўқитувчиларнинг 56 фоизи юқори малакага эга педагоглардан иборат бўлди. Бу кўрсаткичлар билан Учқудуқ нафақат Навоий вилоятида, балки республика миқёсида ҳам кучли ўнталикдан муносиб ўрин эгаллади.
Бугун тумандаги умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 847 нафар педагогнинг 389 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга. Уларнинг 312 нафарига қўшимча устамалар белгиланган, 100 нафардан зиёд ўқитувчининг ойлик иш ҳақи эса 1000 АҚШ долларидан ошган.
Педагоглар малакасининг юксалиши ўқувчилар натижаларида ҳам акс этмоқда. Олий таълим муассасаларига қабул қилинган битирувчилар улуши 2023 йилдаги 72 фоиздан 2026 йилда 90 фоизга етди. Шунингдек, 286 нафар ўқувчи халқаро ва миллий хорижий тил сертификатларини қўлга киритди. Туманнинг 7-сонли мактаби жамоаси «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги «Заковат» интеллектуал ўйини республика босқичида биринчи ўринни эгаллади.
Мактабгача таълим тизимида ҳам ижобий натижалар кузатилмоқда. Туманда болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 87,9 фоизга етди. Республика миқёсидаги «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» танловида 15-сонли ДМТТ тарбиячиси Г. Даулетова биринчи, 10-сонли ДМТТ тарбиячиси Ю. Ғайбуллаева иккинчи ўринни қўлга киритди. Юлдуз Ғайбуллаева эса кўп йиллик самарали меҳнати ва ёш авлод тарбиясига қўшган ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Эришилаётган натижалар Учқудуқ туманида таълим сифатини ошириш, малакали педагоглар сафини кенгайтириш ва ёш авлоднинг билим салоҳиятини юксалтириш борасидаги изчил ишларнинг самараси албатта!№
Шунингдек, матбуот анжуманида Учқудуқ туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Севдиёр Сайфиддинов томонидан 2026–2027-ўқув йилидаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, 2026–2027-ўқув йилидаги ишлар: 7 та асосий йўналиш — мактабгача таълим сифатини ошириш, умумтаълим мактабларида ўзлаштириш кўрсаткичларини яхшилаш, педагоглар салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, давомат ва болалар хавфсизлигини таъминлаш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда бошқарувда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш асосида ташкил этилади.
Мактабгача таълим тизимида болаларни мактабга пухта тайёрлаш, «Илк қадам» миллий ўқув дастурининг учинчи нашрини жорий этиш, тарбиячиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва таълим билан қамраб олинмаган болаларни мактабгача таълимга жалб қилишга эътибор қаратилади.
Умумтаълим мактабларида ҳар бир муассасанинг таълим сифати таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича алоҳида ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. Ўқувчиларнинг билимлари диагностик баҳоланиб, қўшимча ёрдамга муҳтож болалар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилади. Математика, она тили ва ўқиш саводхонлиги, табиий фанлар ҳамда хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Педагогларнинг касбий эҳтиёжларини аниқлаш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва рақамли саводхонликни ошириш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, ўқувчиларни фан олимпиадалари ва танловларга тайёрлаш, хорижий тиллар ҳамда ахборот технологияларини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, битирувчиларни олий таълим ва касбга йўналтириш ишлари кучайтирилади.
Болалар давоматини яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хавфсиз таълим муҳитини яратиш ва ота-оналар ҳамда маҳалла билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Белгиланган вазифалар ижроси кундалик назорат, ойлик таҳлил ва ҳар чоракда натижадорликни баҳолаш орқали мониторинг қилинади. Бунда таълим муассасалари фаолиятига баҳо беришда тадбирлар сони ёки ҳисобот кўрсаткичларидан кўра ўқувчилар билимидаги ҳақиқий ўзгаришлар, таълим сифати ва амалий натижалар асосий мезон бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Учқудуқ туманида янги ўқув йили учун белгиланаётган устувор вазифалар замирида битта муҳим мақсад мужассам: ҳар бир болага сифатли таълим бериш, ҳар бир педагогнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва таълим тизимида аниқ натижаларга эришишдан иборат! Негаки, бугун мактабда яратилган имконият ва берилган билим эртанги куннинг билимли, ташаббускор ва рақобатбардош авлодини тарбиялашга хизмат қилади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
