Хотира хиёбонида янги ҳаёт нафаси
2026-09-30 18:45:00 / Янгиликлар
Шаҳарни шаҳар қиладиган нарса фақат баланд бинолар ёки равон йўллар эмас. Унинг ҳақиқий қиёфаси инсон қадрига бўлган муносабатда, одамлар учун яратилган муҳитда, болалар кулгиси янграйдиган, кексалар ҳордиқ чиқарадиган, ёшлар орзу-умидларини баҳам кўрадиган масканларда намоён бўлади.
Учқудуқда бугун амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳиятида ҳам ана шу эзгу мақсад инсон учун муносиб муҳит яратиш ғояси мужассам.
“Дўстлик” маҳалласида жойлашган “Хотира” хиёбонини қайта қуриш лойиҳаси ҳам ана шундай эзгу интилишларнинг амалий ифодасидир.
Бугун Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов мутасаддилар билан биргаликда “Хотира” хиёбонида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Лойиҳа доирасида хиёбонни бутунлай замонавий қиёфага келтириш, ҳудудни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва аҳоли учун янада қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун республика бюджетидан 1 млрд. 440 млн. сўм маблағ йўналтирилган.
Оиласи билан сайр қилаётган ота-она, набираси билан суҳбатлашиб ўтирган нуроний, дўстлари билан вақт ўтказаётган ёшлар, яшиллик бағрида дам олаётган болалар — хиёбоннинг ҳақиқий мазмуни ана шу манзараларда намоён бўлади.
Бу ерда бугун қурилиш ишлари кетяпти. Эртага эса бу ҳудудда одамларнинг қадам товушлари, болалар кулгуси, самимий суҳбатлар янграйди.
Учқудуқ туман ҳокими томонидан масъулларга қурилиш ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, ишларни сифатли ташкил этиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Бу эса лойиҳанинг ҳар бир босқичида масъулият ва назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
