Қишга тайёргарлик: барқарор хизмат ва тезкор ёрдам
2026-09-30 11:55:00 / Янгиликлар
Учқудуқ туманида кўп квартирали уй-жойларда 2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ва барқарор ўтказиш, аҳолига узлуксиз ҳамда сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш бўйича тайёргарлик ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Шу мақсадда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги инспекциянинг масъул ходимлари, Учқудуқ туман бўлими масъул вакиллари ҳамда бошқарув сервис компаниялари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда кўп квартирали уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш жараёни, мавсум давомида аҳолига коммунал хизматларни барқарор кўрсатиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда, аввало, кўп квартирали уйларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, умумий фойдаланишдаги жойлари ва мавсумга тайёргарлик ҳолатини яна бир бор кўздан кечириш, аниқланган камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, 2026 йилда бошқарув сервис компаниялари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган дастур доирасидаги вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳоли билан муносабатларни янада яхшилаш, мажбурий бадал тўловлари бўйича мавжуд қарздорликни камайтириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан бўлди. Бунда аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, бажарилаётган ишлар ҳақида хабардор қилиш ва бошқарув сервис компанияларининг масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Авария ҳолатларига тезкор муносабат
Куз-қиш мавсумида кўп квартирали уйларда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш, аҳоли мурожаатларига зудлик билан муносабат билдириш мақсадида «Uchquduq Duru Gavhari Kommunalchi» МЧЖ бошқарув сервис компаниясида авария-диспетчерлик хизмати ташкил этилган.
Мазкур хизмат Учқудуқ тумани ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойлар бўйича мурожаатларни 24/7 режимида, яъни сутка давомида узлуксиз қабул қилади.
Авария ва коммунал хизматлар билан боғлиқ мурожаатлар учун:
☎️ 79-593-10-72 рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.
Тегишли масъуллар томонидан мурожаатларни қабул қилиш, қайд этиш ва уларнинг ижросини таъминлаш жараёнлари доимий назоратга олинган.
Навбатчилик хизмати тайёргарлиги ўрганилди
Ўрганишлар давомида авария-диспетчерлик хизматининг мавсумга тайёргарлик ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, тун-кун навбатчилик асосида фаолият юритувчи гуруҳларнинг шайлиги, авария ҳолатларида фойдаланиладиган техник воситалар, зарур эҳтиёт қисмлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси ўрганилди.
Шу билан бирга, аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни қайд этиш, масъулларга етказиш ва белгиланган муддатларда ижросини таъминлаш тезкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганиш натижалари бўйича хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, авария ҳолатларига тезкорлик билан муносабат билдириш, мурожаатларнинг ечимини назорат қилиш ва аҳолига қулай шарт-шароит яратиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Тайёргарлик ишлари давом этмоқда
Айни пайтда Учқудуқ туманидаги кўп квартирали уй-жойларнинг 2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Асосий эътибор уй-жойларда мавсумни барқарор ўтказиш учун зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларининг созлиги, умумий фойдаланишдаги ҳудудларнинг ҳолати, авария ҳолатларига тайёрлик, хизмат кўрсатиш сифати ва аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқишга қаратилмоқда.
Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши кўп квартирали уй-жойларда яшовчи аҳолининг куз-қиш мавсумини осойишта ўтказиши, коммунал хизматлар узлуксизлигини таъминлаш ва мавсумий муаммоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
