ДАВЛАТ АКТИВЛАРИ — ЯНГИ ИНВЕСТИЦИЯ ВА ТАДБИРКОРЛИК ИМКОНИЯТЛАРИ
2026-09-28 10:45:00 / Янгиликлар
Хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали иқтисодиётда хусусий сектор улушини кенгайтиришга янги қадам
Бугун мамлакатимизда иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, хусусий секторнинг ўрни ва ролини янада ошириш, инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда давлат активларидан самарали фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Шу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 августдаги ПФ–177-сон “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур ҳужжат иқтисодиёт тармоқларида трансформация жараёнларини тезлаштириш, давлат иштирокидаги йирик корхоналарни хусусийлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароит яратиш ва давлат активларини бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этишни назарда тутади.
Асосий мақсад — давлат иштирокини қисқартириш
Фармонга мувофиқ, 2026 йилда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш дастурининг муҳим мақсадли кўрсаткичлари белгиланган.
Хусусан:
савдога чиқариш режалаштирилган.
Шунингдек, 85 та давлат иштирокидаги корхонани тугатиш ва қайта ташкил этиш, умумий қиймати қарийб 100 триллион сўмлик давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари ҳамда ер участкаларини савдога чиқариш ва бундан камида 14 триллион сўм тушум таъминлаш мақсад қилиб қўйилган.
Бу рақамлар хусусийлаштириш жараёни энди фақат айрим объектларни сотиш билан чекланиб қолмасдан, иқтисодиётда давлат ва хусусий сектор ўртасидаги нисбатни янада оптималлаштиришга қаратилган кенг кўламли жараён эканини кўрсатади.
Тадбиркорлар учун янги молиявий имкониятлар
Фармоннинг эътиборга молик жиҳатларидан бири — давлат активларини сотиб олишда тадбиркорлар учун тўлов механизмларининг қулайлаштирилганидир.
Давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда 15 фоиз миқдорида аванс тўлови белгиланади. Авансни тўлаш учун 30 календарь кун муддат берилади, қолган суммани эса белгиланган тартибда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Айниқса, йирик активлар бўйича қуйидаги имкониятлар тадбиркорлар учун муҳим:
Биринчидан, электрон онлайн-аукцион, танлов ва биржа савдоларида сотилган, харид тўлови БҲМнинг 23 минг бараваридан юқори бўлган давлат активлари ҳамда БҲМнинг 8 минг бараваридан юқори бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари учун:
•харидор 6 ой ичида тўловнинг 100 фоизини амалга оширса, умумий суммага нисбатан 25 фоиз чегирма қўлланади;
•6 ойда 50 фоиз тўлов амалга оширилса, қолган маблағни 7 йил давомида фоизсизбўлиб-бўлиб тўлаш мумкин;
•3 ойда 35 фоиз тўлов қилинса, қолган сумма 5 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўланиши мумкин.
Бундан ташқари, давлат активи учун тўловнинг камида 50 фоизи тўланганидан сўнг, харидорга объектни реконструкция қилиш, жумладан, янги қурилиш учун бузиш ва таъмирлаш ҳуқуқи берилади.
Бу эса инвесторга активни харид қилиш билан бир вақтда уни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Сотилмаган активлар ҳам “ҳаракатга келтирилади”
Амалиётда айрим давлат объектлари аукционга чиқарилган бўлса-да, уларга харидор топилмаслиги мумкин.
Фармонда бундай ҳолатлар учун ҳам янги механизм белгиланган.
Жумладан, давлат активи очиқ электрон онлайн-аукцион ёки биржа савдосида 3 ой давомида сотилмаса, унинг бошланғич нархини босқичма-босқич, ҳар сафар 10 фоиздан, 10 фоизгача пасайтириш имконияти назарда тутилган.
Актив 2 ой давомида сотилмаган тақдирда эса Давлат активларини бошқариш агентлигига уни лотларга ажратиш ёки бирлаштирган ҳолда қайта савдога чиқариш ваколати берилган.
Бу механизмнинг асосий мақсади — фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган активларни иқтисодий оборотга тезроқ қайтаришдир.
Фарғона вилоятида ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда
ПФ–177-сонли Фармоннинг 1-иловасида ҳудудлар кесимида давлат активларини оммавий савдоларга чиқариш кўрсаткичлари белгилаб берилган.
Унга кўра, Фарғона вилоятида 65 та кўчмас мулк объекти оммавий савдоларга чиқарилиши кўзда тутилган. Уларнинг умумий эгаллаган ер майдони 30,2 гектар, бино ва иншоотлар майдони эса 44 058,9 квадрат метрни ташкил этади.
Шунингдек, вилоятда яна 38 та активниоммавий савдоларга чиқариш ва сотиш жараёнларини жадаллаштириш белгиланган бўлиб, уларнинг ер майдони 8,6 гектар, бино ва иншоотлар майдони 28 215,6 квадрат метрни ташкил этади. Бундан ташқари, мақбуллаштириш ҳисобига 1 та маъмурий бино ҳам савдога чиқарилиши назарда тутилган.
“Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ
Навоий вилоят вакили А.Агзамов
