Ёшлар билан мулоқот: муаммолар айтилди, ечимлар белгиланди!
2026-09-24 12:10:00 / Янгиликлар
Ёшларнинг фикрини эшитиш — уларнинг келажаги билан боғлиқ масалаларга бугундан ечим топиш демакдир. Учқудуқ туман ҳокимлиги катта мажлислар залида “Пайшанба — ёшлар куни” муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Унда туман ҳокими Учқун Елмуратов, туман прокурори Мақсуд Ортиқов, туман ИИБ бошлиғи З. Кахаров, туман ДСИ бошлиғи А. Усмонов, шунингдек, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувни туман ҳокими кириш сўзи билан очиб, ёшлар учун очиқ мулоқот майдони яратилганини, улар ўзларини қизиқтираётган масала, муаммо, ташаббус ва таклифларини эркин билдиришлари мумкинлигини таъкидлади.
Очиқ мулоқот давомида ёшлар томонидан ўнлаб мурожаат, масала ва таклифлар билдирилиб, уларнинг ҳар бири бўйича тегишли масъулларга вазифалар белгиланди.
Хусусан, Ш. Қалбаев Тошкент давлат иқтисодиёт университетини менежмент-иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаганини билдириб, бандлик масаласида мурожаат қилди. Унга тумандаги мавжуд бўш иш ўринлари таклиф этилди. Жумладан, “Боздун” ва “Кокаяз” овул фуқаролар йиғинларида ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси лавозимлари таклиф қилинди.
Ш. Қалбаев онаси ёлғиз эканлиги сабабли шаҳарда ишлаш истагини билдирди. Шу муносабат билан республика “Асакабанк”нинг Учқудуқ туманига бириктирилгани, октябрь ойида “маҳалла банкири” йўналишида 5 та штат бирлиги ажратилиши кутилаётгани маълум қилиниб, ушбу иш ўринларига номзод сифатида тайёргарлик кўриш тавсия этилди.
Б. Бақкелдиев 2-сон техникумни фойдали қазилмаларни очиқ усулда қазиб олиш ва бойитиш йўналиши бўйича тамомлаган. “Жузқудуқ” овулида истиқомат қилувчи ёшга яшаш манзилига яқин бўлган “Кокпатас” маҳалласидаги “K-Tungsten” ХК да ишлаш учун тавсия берилди.
М. Ҳазратова Навоий давлат университетининг мактабгача таълим йўналишини тамомлаган. У “Кокпатас” маҳалласидаги 8-сонли ДМТТга тарбиячи вазифасига ишга тавсия этилди.
Шунингдек, У. Жумагулова — олий маълумотли химик-технолог, Ш. Йўлдошева — муҳандис-геолог, М. Жўраева — олий маълумотли жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида бандлик масаласида мурожаат қилди. Уларга тумандаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда хусусий сектордаги иш имкониятлари таклиф этилди.
Учрашувда ёшларнинг бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, ёшларга оид қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.
Эътиборлиси, учрашув шунчаки мулоқот билан чекланмай, мурожаатдан — таклифга, таклифдан — аниқ ечим ва амалий чораларга ўтишга қаратилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
