“Одил судлов-2030” стратегияси Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
2026-09-15 13:50:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги “«Одил судлов — 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги ПФ-160-сонли Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан «Одил судлов — 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси ҳамда «Одил судлов — 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясини 2026 — 2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Фармоннинг 3-бандига кўра, суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холислиги ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан бошлаб ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Ҳудудлараро судлар умумюрисдикция суд йўналишларида республикамизнинг 5 та ҳудудида ташкил этилади. Жумладан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона худудлараро судлар ташкил этилади. Мазкур ташкил этиладиган худудлараро судлар вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни тафтиш тартибида, мазкур судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлади.
Фармоннинг 6-бандига кўра, олий суднинг фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида 2027 — 2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судларини суд тизимининг мавжуд штат бирликлари доирасида ташкил этиш белгиланди.
Бунда аҳоли сони, судга келиб тушаётган ишлар ҳажми ва динамикаси, судьяларнинг иш юкламаси, ҳудудий хусусиятлар ҳамда одил судловдан фойдаланиш имкониятлари инобатга олинади.
Шунингдек, Фармоннинг 17-бандига кўра, иқтисодий низоларни тезкор ва адолатли ҳал этиш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг вақти ҳамда харажатларини тежаш мақсадида 2028 йил 1 январдан бошлаб судьяга ишларни кўриш жараёнида жузъий (формал) камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш чораларини кўриш мажбуриятини юклашни назарда тутувчи «иқтисодий ишларни проактив бошқариш» (Proactive Case Management) стандарти жорий этилади.
Бундан ташқари, Олий суднинг «ягона дарча» тамойили асосида даъво аризасини (аризани) қайтариш институтини ислоҳ қилиш орқали судга мурожаат қилиш соддалаштириш тирилади. Жумладан, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда аризани қайтаришнинг «иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаслиги» асосини бекор қилиш ва аризани шу суднинг ўзи томонидан тегишлилиги бўйича бошқа судга ўтказиш белгиланади ҳамда жузъий (формал) талабларга риоя этмасдан берилган даъво аризасини (аризани) қабул қилган ҳолда камчиликларни суднинг фаол кўмаги ёрдамида бартараф этиш тартиби жорий этилади.
Фармоннинг 14-бандига кўра, олий суднинг судларга мурожаат қилган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига замонавий стандартлар асосида қулайликлар яратиш, судлар фаолиятида бюрократияни камайтириш ва очиқликни таъминлаш мақсадида суд биноларининг кириш қисмида
2030 йилга қадар босқичма-босқич «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш офислари фаолиятини йўлга қўйилади. Мазкур офислар орқали аҳолига зарур ахборотларни бир жойнинг ўзида тақдим этиш, процессуал мурожаатлар юзасидан ташкилий ёрдам кўрсатиш, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва рақамли суд хизматларидан фойдаланишда амалий кўмаклашиш чоралари кўрилади.
Келгусида жорий этиладиган ушбу тартиблар Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг оворагарчилигини олдини олишга, вақтлари ҳамда пул маблағларини тежашга, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Навоий вилоят суди судьяси
У.Ҳомидов
Навоий вилоят суди судьяси
С.Жакеев
Навоий туманлараро
иқтисодий суди раиси
Ш.Ғофуров
Навоий туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Б.Джумаев
Навоий туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Ф.Баҳронов
