ХАЛҚАРО ШАРТНОМА:Техникум педагоглари Хитой тажрибасини ўрганмоқда
2026-09-15 13:45:00 / Янгиликлар
Таълимдаги интеграция ва халқаро тажриба — замон талаби. Профессионал таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ёшларга жаҳон стандартлари асосида замонавий касб-ҳунар ўргатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ушбу эзгу мақсад йўлида Учқудуқ тумани 1-сон техникуми ҳам халқаро алоқаларни кенгайтириш ва хорижнинг илғор тажрибасини амалиётга жорий этиш борасида улкан муваффақиятга эришди.
Аввал хабар берилганидек, туманимиздаги 1-сон техникум директори Бекзод Қодировнинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари маҳаллий профессионал таълим тарихида янги саҳифа очди.
Сафар доирасида Хитойнинг энг нуфузли ва юқори технологияларга ихтисослашган олий таълим масканларидан бири — «Chongqing Polytechnic University of Electronic Technology» раҳбарияти билан расмий учрашувлар ўтказилди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган музокаралар якунида икки таълим муассасаси ўртасида истиқболли ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ушбу ҳужжатга асосан, 1-сон техникум педагогларидан иборат делегация Хитойнинг Чонгқинг шаҳрида бўлиб қайтишди.
Шаҳар бўйлаб уюштирилган саёҳат давомида вакилларимиз мегаполиснинг замонавий инфратузилмаси, маданий муҳити ва юксак ривожланиш тажрибаси билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида делегация аъзолари Хитойнинг нуфузли таълим масканларидан бири Чонгқинг политехника ва электроника университетида бўлдилар. Бу ерда замонавий ўқув базаси, сўнгги русумдаги инновацион лабораториялари, ишлаб чиқариш билан чамбарчас интеграциялашган таълим тизими ҳамда талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.
Учрашувлар давомида касбий таълим соҳасидаги илғор тажрибалар, замонавий рақамли технологияларни ўқув жараёнига самарали жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Бу каби учрашув ва саёҳатлар педагогларимиз учун янги билим ва тажрибаларни ўзлаштириш ва таълим сифатини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
