МУАММО БИЛАН КЕЛГАНЛАР ЕЧИМ БИЛАН ҚАЙТМОҚДА
2026-09-14 18:55:00 / Янгиликлар
Бугун «Йўлчилар» ОФЙ да Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов раҳбарлигида «Ижтимоий реестр»да рўйхатда турган 24 та хонадон вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда оилаларнинг муаммо ва таклифлари тингланиб, айрим масалалар бўйича жойида амалий ечимлар белгиланди. Маълум қилинишича, шу кунга қадар ушбу оилалар аъзоларининг кўпчилиги ўз мутахассислиги бўйича мавжуд саноат корхоналарига ишга жойлаштирилган.
Жумладан, Айзат Сандибаева 5-мактабга хизматчи вазифасига ишга қабул қилинди. Ҳамширалик дипломига эга Мавжуда Назаровага мутахассислиги бўйича ишлаш учун қайта тайёрлов ва малака ошириш курсларида ўқиш тавсия этилди. Меҳригул Дилмуродова ва Гулнур Пўлатованинг иш ставкасини ошириш бўйича мурожаатлари қонуний тартибда кўриб чиқиладиган бўлди. 2-гуруҳ ногирони Кунсулу Отабаевага эса моддий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Шунингдек, Нодира Фармонованинг фарзанди мактабгача таълим муассасасига имтиёз асосида қабул қилинадиган бўлди. Пайвандловчи мутахассисликка эга Назиржон Ҳамроевга эса ШКБга квота асосида ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Мулоқотда аҳолини қийнаётган инфратузилма масалалари ҳам кўтарилди. Хусусан, «Шукрона» кўчасида ичимлик суви қувурларини тортиш бўйича билдирилган таклиф юзасидан туман ҳокими масъулларга муаммони ўрганиш ва ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Бугунги учрашувда ишга жойлашиш, касбий тайёргарлик, фарзандларни мактабгача таълимга қамраб олиш ҳамда ичимлик суви таъминоти каби муҳим масалалар юзасидан амалий чоралар белгиланди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
