Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
2026-09-02 08:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, азиз ўқувчилар!
Муҳтарам ота-оналар!
Қадрли устоз ва мураббийлар!
Айни кунларда юртимизда энг улуғ ва энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги шодиёналари қалбларимизга ғурур ва ифтихор, хонадонларимизга қувонч ва файз бағишлаётган шукуҳли кунларда яна бир қутлуғ сана — Билимлар кунини кутиб олмоқдамиз.
Мароқли ёзги таътилдан сўнг қўлларида гул, қалбларида ҳаяжон ва катта орзулар билан севимли мактаблари сари ошиққан ўқувчиларимизнинг қувончи бутун туманимизга байрамона кайфият бағишламоқда.
Бугун Учқудуқ туманидаги 19 та умумтаълим мактабида янги ўқув йили — “Билимлар куни” тантаналари кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.
Айниқса, мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган 1016 нафар биринчи синф ўқувчиси учун қувончли ва унутилмас саналарида бири бўлиб қолади. Уларга “Президент совғаси”нинг тантанали топширилаётгани эса ушбу қутлуғ кунга янада файз бағишлайди.
Азиз ёшлар!
“Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида бошланаётган янги ўқув йили барчамиз учун эзгу мақсадлар, улкан натижалар ва янги ютуқлар йили бўлишига ишонаман. Негаки, Учқудуқ туман таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Жумладан, бундан бир неча йил аввал туманда олий тоифали ўқитувчилар улуши атиги 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 30 фоизга етди. Биринчи тоифали педагоглар улуши эса 5 фоиздан 26 фоизга кўтарилди. Айни пайтда фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг 56 фоизи юқори малака ва салоҳиятга эга педагоглар ҳисобланади.
Бугун мактабларимизда меҳнат қилаётган 847 нафар педагогнинг 389 нафари, яъни 45 фоизи халқаро ва миллий сертификатларга эга. Уларнинг меҳнати муносиб рағбатлантирилиб, 312 нафар педагогга қўшимча устамалар белгиланган. Эътиборлиси, 100 нафардан зиёд педагогнинг ойлик иш ҳақи 1000 АҚШ долларидан юқори миқдорга етган.
Албатта, устознинг билими ва маҳорати ўқувчининг ютуғида намоён бўлади. Агар 2024 йилда 78 фоиз, 2025 йилда 84 фоиз битирувчи талаба бўлган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етди.
Битирувчиларимизнинг ўртача тест натижаси ҳам 112,38 баллни ташкил этиб, Учқудуқ тумани республика туманлари рейтингида олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича 7-ўрин, ўртача тест бали бўйича 15-ўринни эгаллади.
Бу натижалар ортида аввало фидойи устозларимизнинг машаққатли меҳнати, ўқувчиларимизнинг интилиши ва ота-оналаримизнинг қўллаб-қувватлаши мужассам, албатта!.
Фахр билан айтиш мумкинки, туманимиз мактаблари республика миқёсидаги танлов ва мусобақаларда ҳам муносиб натижаларни қўлга киритмоқда. Хусусан, 7-сонли умумтаълим мактаби жамоаси “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Заковат” интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолиб бўлиб, 1-ўринни эгаллади.
Шунингдек, 7- ва 20-сонли мактаблар жамоаларининг хорижий тилларни ўқитиш бўйича республика миқёсидаги муваффақиятлари ҳам Учқудуқ таълим тизимидаги юксалишларнинг яна бир ёрқин мисолидир.
Азиз ўқувчилар!
Сизлар — Учқудуқнинг, қолаверса, мамлакатимизнинг эртанги кунисиз ва ишончисиз!. Бугун мактаб партасида ўтириб, илм – билим эгаллаётган ҳар бир ўқувчи эртага юртимизнинг турли соҳаларида ўз ўрнига эга бўлади. Элу-юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
Ҳурматли устозлар!
Ўқитувчининг ҳар бир сабоғи келажакка қўйилган қадам. Ҳар бир шогирдининг ютуғи эса унинг машаққатли меҳнати самарасидир. Ёш авлодга билим ва тарбия беришдек шарафли вазифани сидқидилдан бажараётган барча устозларимизга самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Қадрли ота-оналар!
Фарзандларингизнинг таълим ва тарбиясига бефарқ бўлманг. Уларнинг ҳар бир ютуғини қўллаб-қувватлаб, орзу ва мақсадларига ишонч беринг, ҳаёт йўлларида ҳамроҳ бўлинг.
Барча билимга чанқоқ ўқувчиларимизни янги ўқув йили билан муборакбод этаман!
Янги ўқув йили сизлар учун янги билимлар, янги ғалабалар ва янги мақсадларлар йили бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!
