“Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори”
2026-08-21 17:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум, ҳурматли меҳмонлар, форум иштирокчилари!
Азиз ўқитувчилар, фидойи устозлар, тарбиячилар ва таълим фахрийлари!
Муҳташам “Учқудуқ” маданият саройида тўпланган туманимизнинг фаол, ташаббускор ва илғор устозларини “Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида ташкил этилаётган Бешинчи устозлар миллий форуми билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сизларни маънавият ва маърифат маскани бўлган, зиё улашувчи устозларимизни бир мақсад йўлида жамлаган ушбу кошонада кўриб турганимдан мамнунман.
Азиз устозлар!
Сизлар билан халқимиз учун энг улуғ ва энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги остонасида учрашиб турибмиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш юзасидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, байрам тадбирлари “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилиши белгиланди.
Мазкур эзгу шиор халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, Ватан равнақи йўлидаги муштарак мақсадлари ва келажакка бўлган юксак ишончини ўзида ифода этади.
Шу қутлуғ фурсатдан фойдаланиб, сизларни ҳамда сизлар орқали туманимиздаги барча устоз ва мураббийларни чин қалбимдан муборакбод этаман!
Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, эзгу мақсадлари ва фаровон келажагини ўзида мужассам этган бебаҳо неъматдир. Ана шу тинч ва осойишта юртда ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларни Ватанга садоқатли, билимли ва комил инсонлар этиб вояга етказишдек шарафли вазифани сидқидилдан адо этаётган меҳнатингиз ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Ўйлайманки, янги 2026–2027 ўқув йили туманимиз таълим соҳасида янги ютуқлар, эзгу ташаббуслар ва юқори натижаларга бой йил бўлади.
Таълим муассасаларининг инфратузилмасини яхшилаш, ёшлар учун замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида туманимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2 миллиард 773 миллион сўм маблағ эвазига қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Худди шундай, 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари якунланмоқда.
Шунингдек, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан тумандаги 17 та умумтаълим мактабига 878 миллион сўм, 15 та давлат мактабгача таълим ташкилотига 396 миллион 400 минг сўм — жами 1 миллиард 274 миллион 400 минг сўм маблағ ажратилиб, мақсадли сарфланди.
Умумтаълим мактабларини замонавий ахборот технологиялари воситалари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2025 йилда республика ва маҳаллий бюджетидан 400 миллион сўм, 2026 йилда 600 миллион сўм маблағ эвазига компьютер, электрон доска ҳамда планшетлар харид қилинди.
Бундан ташқари, тумандаги иккита мактабнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синф хоналари маҳаллий бюджетдан ажратилган 18 миллион сўм маблағ ҳисобидан бирламчи ҳарбий-таълим воситалари билан тўлиқ жиҳозланди.
Барча болалар учун тенг таълим имкониятларини яратиш мақсадида тумандаги 8 та умумий ўрта таълим мактабида инклюзив синфлар ташкил этилди. Уларда тўсиқсиз муҳит ва коррекцион хоналар яратиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 240 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Таълим муассасаларини таъмирлаш ва янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан яна 150 миллион сўм маблағ ажратилиб, зарур қурилиш материаллари етказиб берилди.
Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2025 йилда мактаблардаги бадиий адабиётлар сони 49 минг 814 тани ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 56 минг 515 тага етказилди. Бунинг учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 50 миллион сўм ажратилди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Барчангизга маълумки, туманимизда таълим сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Учқудуқ тумани вилоятдаги кучли учталикдан муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.
Таълим сифатини оширишда педагогларнинг касбий маҳоратини юксалтириш, замонавий билимлар ва илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига асосан, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2025 йилда Учқудуқ туманидаги 5 нафар ўқитувчи Туркия давлатида таълим саёҳатида иштирок этди. 2026 йилда эса бир нафар педагог Финляндия, Эстония, Швеция ва Туркия давлатларида ташкил этилган халқаро таълим саёҳатига юборилди.
Бугунги кунда туманимизда фаолият олиб бораётган 50 нафар ўқитувчи давлатимиз раҳбари томонидан педагоглар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз билими, малакаси ва касбий салоҳияти билан 1 000 дан 1 500 АҚШ долларигача миқдорда ойлик маош олмоқда.
Бу натижалар, аввало, устозларимизнинг доимий изланиши, ўз устида ишлаши ва касбига бўлган юксак садоқатининг амалий ифодасидир.
Ҳурматли педагоглар!
2025–2026 ўқув йили туманимиз таълим соҳаси учун қувончли хабарлар ва муносиб натижаларга бой бўлди, десак, муболаға бўлмайди.
Хусусан, ўтган ўқув йилида олий таълим муассасаларига киришнинг ўртача бали бўйича Учқудуқ тумани республикамиздаги 208 та туман ва шаҳар орасида биринчи ўнталикдан жой олди.
Албатта, бу натижалар замирида ўқувчиларимизнинг интилиши, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши ва, энг муҳими, устозларнинг машаққатли ҳамда фидокорона меҳнати мужассам.
Янги 2026–2027 ўқув йилида туманимиздаги умумтаълим мактабларининг биринчи синфига 1 016 нафар болажон илк бор қадам қўяди. Улар учун 13 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғаси тўпламлари, шунингдек, давлатимиз герби ва байроғи тасвири туширилган эсдалик брелоклари таълим муассасаларига тўлиқ етказиб берилди.
Ушбу факт ва рақамлар туманимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар ҳамда ўқувчиларимиз томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи йилдан-йилга ошиб бораётганини яққол кўрсатади.
Ҳурматли меҳмонлар ва форум иштирокчилари!
Яратилган шарт-шароит, имконият ва имтиёзларнинг натижаси, аввало, ўқувчиларга берилаётган таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлигида намоён бўлиши лозим.
Бунинг учун барча таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларини замонавий талаблар асосида сифатли ташкил этиш, ота-оналар ва жамоатчилик билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳар бир педагогнинг ўз ишига юксак масъулият билан ёндашиши муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, жамиятимиз тараққиёти ва эртанги кунимизнинг қандай бўлиши бугунги ёшларимизнинг қандай таълим ва тарбия олишига бевосита боғлиқ.
Азиз устозлар!
Сизлар орқали туманимизнинг барча педагог ва устозларини, тарбиячи ва мураббийларини, таълим фахрийларини давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака, машаққатли, масъулиятли ва шу билан бирга шарафли касбингизда улкан муваффақиятлар тилайман!
Эътиборингиз учун раҳмат!
