Чўлда унган имкониятлар
2026-08-21 17:25:00 / Янгиликлар

Табиий-иқлим шароити оғир бўлган Учқудуқда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва шу орқали оилавий даромад топиш имконияти йўқ эди. Чўл иқлими, сув ресурсларининг чекланганлиги ҳамда кескин об-ҳаво шароити бу йўналишдаги ташаббусларни чеклаб келаётган эди.
Лекин излаган имкон топади, меҳнат қилган албатта натижага эришади. Бу ҳақиқатни бугун “Йўлчилар” овули ҳамда “Дўстлик” маҳалласидаги якка тартибдаги коттеж уйларда истиқомат қилаётган тумандошларимиз амалда исботламоқда.
“Йўлчилар” овули “Гулшан” кўчасида яшовчи Соҳиба Исмоилова ва турмуш ўртоғи Шуҳратжон Давлатов имтиёзли кредит асосида иссиқхона қуриб, қулупнай етиштирмоқда. Гулчеҳра Хўжаева ва Озоджон Хасанов оиласи эса қўзиқорин етиштириш учун замонавий иссиқхона ташкил этишган.
Бир пайтлар чўл иқлимида гулчиликни тасаввур қилиш қийин эди. Бугун эса “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Нигора Юнусова ва Анвар Қурбонов ўз ҳовлисида барпо этган мўъжаз иссиқхонада юзлаб манзарали гулларни парваришлаб, бу тасаввурни ўзгартирмоқда. Бозори чаққон “Алёндра”, “Хитой атиргули”, “Ҳиндистон пиёзи”, “Узумгул”, “Қора шаҳзода” каби ноёб гулларни Учқудуқ иқлимига мослаштиришган.
Юқорида номлари тилга олинган тумандошларимиз нафақат оилавий даромад манбаини яратганлар, балки чўл бағрида ҳам меҳр ва меҳнат билан гўзаллик барпо этиш мумкинлигини амалда исботламоқдалар.
