ГУЛИСТОНДЕК ГЎЗАЛ УМР
2026-07-31 16:05:00 / Янгиликлар

Дунёда шундай касб эгалари борки, улар ўз қалб қўри, кўз нури ва чексиз меҳри билан олис манзилларни ёритадиган чироққа ўхшайдилар. “Шалхар” овулида яшаб, бутун борлиғини ёш авлод таълим-тарбиясига, миллий қадриятлар бардавомлигига бахшида этган устоз Гулистан Турғанбаеванинг ҳаёт йўли худди саҳро қўйнида очилган гўзал ва нафис гулзорга ўхшайди.
Гулистан Турғанбаева Томди туманида дунёга келди. У ёшлигидан илмга, сўз санъатига кўнгил қўйди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг қозоқ тили ва адабиёти факультетини муваффақиятли тамомлади. Тақдирнинг гўзал битиги билан 1982 йилда қутлуғ маскан “Шалхар” овулига келин бўлиб қадам қўйди.
Гулистан овулдаги 12-умумий ўрта таълим мактабида қозоқ тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлади. Адабиёт шундай қудратли кучки, у саҳронинг қуруқ шамолларини ҳам майин шаббодага, шиддатли тупроқни эса меҳр воҳасига айлантира олади.
Устоз таълим даргоҳида 26 йил мобайнида меҳнат қилди. Бу шунчаки вақт ўлчови эмас, бу минглаб ҳаяжонли дарс соатлари, тунлари дафтар текшириб ўтказилган бедорлик ва юзлаб пок қалбларни ҳаётнинг равон йўлларига бошлаб берган нурли маёқдир.
Ўқитувчисини гўзал хулқи, дарс ўтиш маҳорати ва касбига бўлган садоқатига ҳавас қилган ўнлаб овул ёшлари айнан ўқитувчилик деган шарафли қисматни танладилар. Бугун улар юртимизнинг турли гўшаларида зиё тарқатиб, Гулистан муаллима “мактаби”нинг муносиб давомчилари сифатида меҳнат қилмоқдалар.
У 2001 йилда юртимиз мустақиллигининг 10 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишони билан тақдирланган.
Гулистан ая хонадоннинг файзи, суюкли фарзандлари, набира ва эвараларининг ардоқли даврасида пир-у бадавлатлик гаштини сурмоқда. Нафақада бўлишига қарамай, у ҳали ҳам овул ва туман ҳаётида, ижтимоий тадбирларда ҳамда ёш келин-қизлар тарбиясида ўзининг қимматли маслаҳатлари билан иштирок этмоқда.
Гулистан Турғанбаеванинг умр йўли саҳро бағрида ўз меҳнати ва заковати билан чиройли боғ яратган, юзлаб ниҳолларни бақувват дарахтга айлантирган жонкуяр зиёкорнинг гўзал достонидир.
Райҳон Қодирова
