Меҳр ва эътибор манзили Ижтимоий ҳимояда «Инсон» омили
2026-07-30 15:15:00 / Янгиликлар

Давлатнинг қудрати ва жамиятнинг ривожланганлик даражаси унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўмакка интизор фуқароларига бўлган эътибори билан белгиланади. Бугун ижтимоий таъминот тушунчаси шунчаки моддий ёрдам бериш чегарасидан чиқиб, инсонни оғир аҳволдан қутқариш ва уни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш тизимига айланди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг жойларда фаолият олиб бораётган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари аҳолининг эҳтиёжманд қатламига манзилли, шаффоф ва сифатли кўмак беришда муҳим ўрин тутади.
Бу йўналишда Учқудуқ туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётир. Ўзгалар парваришига муҳтож, якка - ёлғиз ва ногиронлиги бўлган 54 нафар киши рўйхатга олинган бўлиб, ҳар бирининг яшаш шароити ва муаммолари ўрганилди. Тиббий кўрик натижаларига кўра 10 нафари стационар 12 нафари эса амбулатор шароитда даволанди.
Маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар томонидан мазкур тоифага кирувчи яна 27 нафар ёлғиз кекса аниқланди ва «Ёлғиз кекса» реестрига киритилди. Улар билан олиб борилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 18 нафари мазкур реестрдан чиқарилди.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ва реабилитацион кўмак бериш марказ фаолиятининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Хусусан, 2024–2026 йиллар давомида «Бирламчи кўмак» хоналарига 36 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар жойлаштирилди.
Рақамлар таҳлилига кўра, ушбу кўрсаткич 2024 йилда 14 нафарни, 2025 йилда 20 нафарни, 2026 йилнинг 1 июлда 12 нафарни ташкил этди. Зўравонликдан жабр кўрган 36 нафар аёл ва уларнинг вояга етмаган 47 нафар фарзандларининг руҳий ҳолати чуқур ўрганилди. Қизиқишларига мос мотивацион тавсиялар берилди.
Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг оила муҳитида соғлом улғайишини таъминлаш борасида ҳам туманда сезиларли натижаларга эришилди. Халқимизга хос бағрикенглик тамойиллари асосида, 2024–2026 йиллар давомида 27 нафар болага нисбатан тайинланган васийлик ва ҳомийлик белгиланган тартибда тугатилди. Болалар ўз оилалари ва ота-оналари бағрига қайтарилди.
Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш истагини билдирган 20 нафар фуқаронинг мурожаати асосида яшаш шароитлари, ижтимоий-иқтисодий аҳволи атрофлича ўрганилиб, тегишли хулосалар тайёрланди.
7 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жой харид қилиниб, номларига расмийлаштириб берилди. Эндиликда улар ўз уйларига эга бўлди.
Ҳудудда истиқомат қилаётган 955 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг 157 нафарини болалар ташкил этади. 2024–2026 йиллар давомида 341 нафари реабилитация қилишнинг техник воситалари ва протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди.
Жумладан, 45 та ногиронлик аравачаси, 18 та эшитиш мосламаси, 31 та қўлтиқ таёқ, 90 та ҳасса таёқ, 7 та юриш мосламаси, 10 та кўзи ожизлар ҳассаси, 25 та махсус тиббий-ёрдамчи ускуналар ҳамда 115 нафарига протез-ортопедия мосламалари берилди. Саломатликни тиклаш йўналишида 76 нафарига санаторияларга бепул йўлланмалар, 87 нафарига эса реабилитация марказларида даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.
24 нафар болалар «Инклюзив таълим» га, 11 нафари эса «Кундузги парваришлаш» хизматига жалб этилди.
Айтиш жоизки, янги тизим жамиятнинг энг заиф қатламлари — эҳтиёжманд инсонлар, хотин-қизлар ва болаларни тизимли қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар ижтимоий давлат тамойиллари амалда нечоғлик собит эканини кўрсатади.
Умар Худойқулов,
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Учқудуқ туман бўлими бошлиғи.
