ҲАМ МАЛАКА, ҲАМ МАОШ: КАСБИЙ ТАЪЛИМДА ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
2026-07-13 14:15:00 / Янгиликлар

Учқудуқ туманининг “Айтим” маҳалласида исмтиқомат қиладиган Наргиза Рўзиева ёшлигидан кончилик йўналишига қизиқар, тезроқ бу йўналишда фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ўзининг шахсий даромадига эга бўлишни ният қиларди. Умумий ўрта таълим мактабини тамомлагач, Наргиза тумандаги 2-сон техникумида ўқишни давом эттиришга қарор қилди ва бу таълим муассасаси унга кўплаб имконият эшикларини очди.
Дарвоқе, мамлакатимизда касбий таълимда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда жамиятда касбий таълимнинг нуфузини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 23-октябрда қабул қилинган “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам айни шу мақсадга қаратилган. Ушбу ҳужжатда 9-синф битирувчиларининг касбий таълим қамровини кенгайтириш, тизимда дуал таълим улушини ошириш белгиланган.
Наргиза Рўзиева ўқийдиган Учқудуқ туман 2-сон техникуми 630 ўринли қувватга эга бўлиб, ҳозирги кунда жами 623 нафар ўқувчи таҳсил олади. Фаолият юритаётган 90 нафар ходимнинг 28 нафари педагог ва 14 нафари ишлаб чиқариш таълими усталари ҳисобланади. Педагоглар халқаро ва миллий сертификатлар олишда ҳам муҳим натижаларга эришган. Бу эса таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларга замонавий билим бериш имкониятларини янада кенгайтиради.
- Техникумда дуал таълим тизими кенг жорий этилган, - дейди муассаса директори Шерзод Назаров. - Ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда 5 та дуал таълим гуруҳи ташкил қилиниб, ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиёт билан узвий боғлашнинг самарали механизми яратилди. Кундузги, кечки ва дуал таълим шаклларида 2025-2026-ўқув йилида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, металларга ишлов бериш, фойдали қазилмаларни бойитиш каби 12 та йўналишда, 2026-2027-ўқув йилида 13 та йўналишда касб ва мутахассисликлар бўйича қабул жараёнлари ташкил этилди. Жорий йилда 104 нафар ўқувчи ўқишни тамомлаб, ҳозирги кунда 58 нафарининг бандлиги таъминланди. Техникум ҳамда “НКМК” АЖ ШКБ таркибидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда “Навоийуран” давлат корхонаси ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномаси асосида ўқувчи-ёшларнинг бандлигини таъминлашни самарали ташкил этиш, дуал таълим элементларини жорий қилиш ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Директорнинг маълум қилишича, ҳамкорлик асосида ўқувчилар амалиёти тўлиқ ишлаб чиқариш муҳитида ташкил этилади. Бу эса ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, келгусида бандлик имкониятларини кенгайтириш ҳамда корхоналар учун малакали мутахассислар захирасини шакллантиришга хизмат қилади. Аҳамиятлиси, амалиётга жалб қилинган ўқувчиларнинг барчаси меҳнати учун ойлик иш ҳақи билан таъминланади. Бу касбий таълим тизимида ёшларнинг меҳнатга бўлган қизиқишини ошириш, уларни иқтисодий рағбатлантириш ва иш жойига мослаштириш бўйича республикадаги илғор тажрибалардан биридир.
Бугунги кунда техникум битирувчиларининг 90 фоиздан ортиғи мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиб, уларнинг аксарияти вилоятнинг стратегик аҳамиятга эга кончилик, металлургия ва саноат корхоналарида меҳнат фаолиятини бошламоқда. Жараён техникумнинг ҳудуд иқтисодиёти учун юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашдаги муҳим ўрнини яққол намоён этади.
– Мен техникумнинг фойдали қазилмаларни бойитиш йўналишининг биринчи босқичини тамомладим, - дейди Наргиза Рўзиева. – Ҳозирда “Навоийуран” ДК “Учқудуқ” ИЧМ Cульфат кислота ишлаб чиқариш цехи лабораториясида амалиёт ўтаяпман. Жараёнлар жуда қизиқ ва масъулиятли. Амалиёт давомида соҳага оид кўп маълумотларга эга бўлиб, назарий билимларимни амалиёт билан мустаҳкамлаяпман. Маошим 4 миллионга яқин. Бундан ташқари, бизга махсус кийим-бош, иссиқ овқат берилади. Амалиётга бориб келишимиз учун корхона томонидан транспорт воситалари ажратилган. Келажакда кончилик йўналишида фаолиятимни давом эттирмоқчиман.
Бугунги кунда ишлаб чиқариш амалиёти белгиланган режа асосида давом этмоқда. Умуман олганда, ўқувчиларнинг билим ва касбий кўникмаларини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга бўлган алоҳида эътибор Наргиза Рўзиева сингари ёшлар таълими ва иш фаолиятида ўз самарасини бераяпти.
Маълумот ўрнида айтиш керак, кўп йиллар давомида мазкур таълим муассасасини тамомлаган минглаб битирувчилар кончилик ва уран саноати корхоналарида турли раҳбарлик ҳамда мутахассислик лавозимларида самарали меҳнат қилиб, мамлакат иқтисодиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Зебо ҚУТЛИЕВА
