ГУЛСЕЗИМ ВА УНИНГ ОИЛАСИГА УМИД БАХШ ЭТГАН АМАЛИЁТ
2026-06-26 18:40:00 / Янгиликлар

Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, айниқса, чекка ҳудудларда аҳолига юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими бугун ўз мевасини бермоқда. Муқаддам бундай мураккаб амалиётлар учун пойтахтга ёки хорижга боришга тўғри келган бўлса, эндиликда тажрибали шифокорларнинг жойларга чиқиб маҳорат дарслари ва операциялар ўтказиши анъанага айланди. Бунинг навбатдаги исботи Учқудуқ тумани тиббиёт бирлашмасида кузатилди.
Республика болалар миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ юқори малакали мутахассислари Учқудуқ тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимида ўта мураккаб ва масъулиятли жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширдилар.
Операция столида бор-йўғи 8 ёшли қизалоқ — Гулсезим Бердалиева эди. У туғма юрак пороги касаллиги билан дунёга келган бўлиб, йиллар давомида бу хасталик унинг эркин нафас олиши, тенгдошларидек шўх-шодон ўсиб-улғайишига тўсқинлик қилиб келаётган эди. Бундай нозик ёшдаги болада юрак соҳасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш нафақат юксак маҳорат, балки жуда катта масъулият ва аниқликни талаб этарди.
Пойтахтлик шифокорларнинг маҳорати ва тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида мазкур мураккаб операция муваффақиятли якунланди. Жарроҳлик амалиётини профессионал даражада ўтказган шифокорлар жамоаси Ихтиёр Ҳусенов, Турсунхўжа Ўринхожаев, Элдор Куралов, Хуршида Султонова, Файзулло Акрамов, Марғуба Ниёзова ва Шохида Исламбековадан иборат бўлди.
Мазкур воқеа шунчаки битта операция эмас, балки юртимизда тиббиётнинг энг чекка ҳудудларгача кириб бораётганининг ва юқори технологик операцияларни ўтказиш учун тиббий база ҳамда шароитлар мавжудлигини исботлайди.
Энг муҳими, учқудуқлик маҳаллий шифокорлар пойтахтлик ҳамкасбларидан бевосита маҳорат сирларини ўрганиш имконига ҳам эга бўлишди.
Пойтахтлик шифокорларнинг маҳорати ва тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида мазкур мураккаб операция муваффақиятли тугагандан сўнг, Учқудуқ туман ҳокими Учқун Елмуратов шифокорлар билан учрашиб, ўз миннатдорчилигини билдирди. Миллий анъаналаримизга мувофиқ, уларнинг ҳар бирига эҳтиром рамзи сифатида тўн кийдирилди.
-Қизим туғилганидан буён юрак хасталиги билан оғрирди. Унинг қийналишини кўриб, она сифатида ич-этимни ердим. Мураккаб операция кераклигини эшитганимизда, пойтахтга бориш, у ердаги харажатлар бизни анча ўйлантириб қўйганди. Мана, шифокорларнинг ўзлари олис туманимизга келиб, Гулсезимни операция қилишди. Бизга шундай имкониятларни яратиб берган давлатимиздан, қизимнинг ҳаётини сақлаб қолган Ихтиёр Ҳусенов ва унинг жамоасидаги барча шифокорлардан умрбод миннатдормиз. Қизим энди тенгдошлари қатори соғлом вояга етади, - дейди қувонч кўз ёшларини яшира олмаган Айтгул Кошекбаева.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
