Шукроналик дилларда акс этганда
2026-06-25 16:15:00 / Янгиликлар

«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» бош ғоя ва шиори остида юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган «Мустақиллик тўйи» фестивали туманимизда ҳам бўлиб ўтди.
Қизилқум гавҳари ҳисобланмиш Учқудуқнинг кўп миллатли баҳамжиҳат аҳолисига, саноат корхоналари ишчи-ходимларига, Ватан қалқонларига ҳамда табаррук нуронийларимизга ҳақиқий байрам қувончини улашди.
Фестивал доирасидаги тадбирларнинг илк манзили муҳташам “Учқудуқ” маданият саройи бўлди. Байрамона безатилган залга 350 нафардан зиёд учқудуқликлар — меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар, зиёлилар ва умидли ёшлар жам бўлишди. Бу ерда ташкил этилган «Кинокарвон» лойиҳаси тадбир иштирокчиларига унутилмас лаҳзаларни тақдим этди.
Эл севган санъаткорлар, таниқли киноижодкорлар ва маҳоратли актёрлар билан ташкил этилган жонли мулоқот самимий руҳда ўтди. Тадбир давомида намойиш этилган, инсон қалбида жасорат ва миллий ғурур туйғуларини юксалтиришга хизмат қиладиган махсус видеоролик томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Байрам тадбирларининг кейинги сермазмун манзилларидан бири Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводи бўлди. Корхонада ишчи-ходимлар билан юқори кайфиятда “Шукроналик учрашувлари” ўтказилди.
Завод директори Бекзод Хусанов меҳмонларни корхона фойесида кутиб олди. Олтин корхонанинг бой тарихи ва ишлаб чиқариш салоҳияти акс этган махсус кўргазма билан яқиндан таништирди. Тадбир давомида кончилик саноати ривожи йўлидаги бунёдкорлик ишлари алоҳида эътироф этилиб, санъаткорларнинг жонли ижродаги куй-қўшиқлари ишчи-ходимларга кўтаринки кайфият улашди.
Фестивалнинг тантанали қисмларидан бири Учқудуқ туманида жойлашган ҳарбий қисмда давом этди. Бу ерда ҳарбий хизматчилар ва офицерлар иштирокида "Шукроналик ва ҳамжиҳатлик" учрашувлари юқори руҳда ташкил этилди. Тинчлигимиз посбонлари билан кечган давра суҳбатларида халқ ва армия бирдамлиги мавзуларига алоҳида урғу берилиб, ватанпарварлик мавзусидаги куй-қўшиқлар аскарларнинг жанговар шаштини янада оширди.
Катталарни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш — миллий қадриятлари-мизнинг энг гўзал намунасидир. «Яхшилик карвони» лойиҳаси доирасида “Йўлчилар”, “Шалхар” ОФЙ ҳамда «Дўстлик» МФЙда истиқомат қилувчи, ҳаётий тажрибаси билан барчага ўрнак бўлаётган табаррук нуронийларимиз ва фахрийларимиз ҳолидан хабар олинди.
Нуронийлар ҳамиша эъзоз ва эътиборда эканлигини кўрсатувчи ушбу лойиҳа доирасида отахон ва онахонлар билан дилдан суҳбат қурилди. Уларга кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўз навбатида, хонадон соҳиблари кўрсатилган ғамхўрликдан бошлари кўкка етиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва эртанги кунимиз ободлигини тилаб, дуолар қилишди.
«Мустақиллик тўйи» фестивали доирасидаги байрам тадбирлари ва маърифий учрашувлар нафақат учқудуқликларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда, балки санъат, меҳнат ва хайрия уйғунлиги орқали қалбларда эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Жанагул БУЛЕКБАЕВА,
Учқудуқ туман маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари.
