ШИЖОАТЛИ ВА ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР ЭЪТИРОФИ!
2026-06-25 16:10:00 / Янгиликлар

Учқудуқ туманида 30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан ташкил этилган гала концерт тадбири узоқ вақт ёдда қоладиган бўлди. Шодиёналар доирасида “Лочин” ўйингоҳида ўтказилган “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради” шиори остидаги гала-концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.
Байрам аввалида марказий кўчалар бўйлаб ўзига хос машиналар карвони юриб ўтди. Барча учқудуқликларни қутлаб, ёшларга туман аҳолисига ҳақиқий байрам шукуҳини тақдим этди. Сўнг асосий тадбирлар “Лочин” ўйингоҳига кўчди. Минглаб тумандошларимиз айниқса, навқирон авлод вакиллари қалбида интилиш ва шижоат билан стадионни тўлдирдилар.
Тадбирда Учқудуқ тумани ҳокими Учқун Елмуратов иштирок этиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этди. Туман раҳбари ўз нутқида бугунги кунда юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати даражасида кўрсатилаётган эътибор, уларнинг билим олиши ва ўз иқтидорини намойиш этиши учун яратилаётган кенг имкониятларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Айтиш жоиз бўлса, ҳудуд ёшлари бугун нафақат чўл бағридаги мўъжизавий Учқудуқнинг балки бутун Янги Ўзбекистоннинг шижоатли ва мақсад сари дадил одимлаётган иқтидорли ёшларига айланишмоқда.
Туман ёшлари 2025-2026-ўқув йилини катта муваффақиятлар билан якунладилар. 447 нафар битирувчининг 5 нафари олтин, 2 нафари кумуш медал билан мактабни тамомлади. 29 нафари миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритиб, энг юқори - 189 балл тўплаган ҳолда муддатидан аввал талаба бўлдилар.
Байрамнинг энг ҳаяжонли ва интизорлик билан кутилган қисми тақдирлаш маросими кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Унда олтин ва кумуш медаль соҳиблари ва уларнинг ота-оналари туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
“Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган спорт мусобақалари ва беллашувлар ғолиблари ҳам муносиб тақдирланди. Хусусан, маҳалла ёшлари ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича қизғин кечган Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубоги мусобақаларида фахрли 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган жамоалар ҳамда спортчилар саҳнага таклиф этилди. Катта футбол ва мини-футбол мусобақаларида маҳорат кўрсатиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган фаол ўғил-қизлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Кенг жамоатчилик ва ёшлар жам бўлган ушбу тантана доирасида йирик интеллектуал лойиҳалар ғолибларини шарафлаш маросими ҳам ўтказилди.
Хусусан, ёшларнинг билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган “Заковат” лигаси ҳамда китобхонликни тарғиб этувчи “Бир ҳафтада бир китоб” лойиҳаси доирасидаги танловлар якунлари эълон қилинди. Танловларда юқори натижа кўрсатиб, фахрли 1, 2 ва 3-ўринларни қўлга киритган билимдон ёшлар туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди
Шунингдек, тадбирда халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимиз алоҳида эътироф этилди. Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида дзюдо спортидан ўтказилган халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритган учқудуқлик спортчилар — Зиёда Шомуродова ва Нозима Нормуродова муносиб тақдирландилар. Навқирон полвонларимизнинг халқаро майдондаги ютуқлари эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Бундан ташқари, йил давомида турли соҳаларда фаол иштирок этиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган ташаббускор ва интилувчан ёшлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Ёшлар учун ташкил этилган байрамона дастур концерт чиқишлари ва кўнгилочар тадбирлар билан давом этди. Айниқса, тадбир меҳмони Улуғбек Йўлчиевнинг жозибали куй-қўшиқларини йиғилганлар катта қизиқиш ва олқишлар билан кутиб олдилар.
“Ёшлар куни”га бағишланган ушбу улуғвор байрам тадбири тун бағрини ёритган ажойиб ва тантанали мушакбозлик билан якунланди. Учқудуқ ёшларининг бирдамлиги ва шижоатини кўрсатган ушбу кеча туман тарихига ёрқин саҳифа бўлиб муҳрланди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
