ҚИЗИЛҚУМ БАҒРИДА ЁНГАН ЗАКОВАТ ЧИРОҒИ
2026-06-22 10:45:00 / Янгиликлар

Қизилқум бағридаги Мингбулоқ овули... Бу ернинг одамлари саҳро шамолларига чап бериб, табиатнинг ҳар қандай синовларида тобланган, лафзи ҳалол, меҳнаткаш инсонлардир. Айнан мана шундай файзли ва бағрикенг гўшада, 1975 йилда келажакда эл корига ярайдиган, туманинг ижтимоий ва маънавий ҳаётида ўзига хос из қолдирадиган инсон — Муратов Нурладин Мустафаевич дунёга келди.
Нурладин Муратов юксак маданиятли ва зиёли бир оилада вояга етди. Мустафа ота ва Палия ая Муратовлар хонадонида фарзандлар тарбиясига, уларнинг ёшлигидан меҳнатсевар бўлиб улғайишига ва билим олишига алоҳида эътибор қаратилган эди. Оиланинг волидаси Палия ая нафақат меҳнаткаш, балки ниҳоятда меҳмондўст, очиқкўнгил аёл эди. Ушбу қутлуғ хонадондан ҳеч қачон дастурхон йиғилмаган, кун ора уйларига келадиган қадрдон меҳмонларнинг барчаси Палия аянинг миллий таомлари ва хуштаъм бешбармоғидан баҳраманд бўлишган.
Онахон айни пайтда қўли гул чевар, ҳунарли аёл бўлиб, миллий анъаналарни юксак қадрларди. Хонадондаги файзли қозоқ ўтовини ўз қўллари билан тиккан, уни ўзи тўқиган миллий анжомлар, безакли “бау”лар билан безатган эди. У киши тўқиган нақшинкор кигиз ва гиламлар ўтовга ўзгача кўрк бағишлар, бу қутлуғ даргоҳга кирган ҳар бир киши моҳир онахоннинг юксак меҳнати ва чеварлик маҳоратига таҳсинлар айтарди.
Ота-онанинг берган мана шундай гўзал тарбияси, ҳалол меҳнати ва илмга бўлган рағбати туфайли оиладаги ака-ука, опа-сингилларнинг барчаси олий маълумотли, ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишдилар ва бугунги кунда элу юрт олдида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор инсонлардир.
Aйниқса, оила бошлиғи Мустафа ота узоқ йиллар овул фуқаролар йиғини раиси, туман Кенгаши депутати сифатида воҳа равнақи йўлида фидокорона хизмат қилди. Отахоннинг кўп йиллик самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, «Шуҳрат» медали, «Эл-юрт ҳурмати» ордени ва Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 10,15,20,25,30 – йиллиги кўкрак нишонлари билан мукофотланган эди.
Мана шундай эл ардоғидаги инсонларнинг ўгитларини олиб, ҳалоллик ва ватанпарварлик муҳитида улғайиш Нурладин Муратовнинг келажакдаги ҳаёт йўлини маёқдек ёритиб турди.
Болалик йиллари Мингбулоқнинг кенг бағрида ўтган Нурладин ёшлигиданоқ илмга, айниқса, аниқ фанларга алоҳида меҳр қўйди. Рақамлар оламидаги сеҳр ва мантиқ уни Навоий заминининг бош илм масканларидан бири томон етаклади. У 1997 йилда Навоий давлат педагогика институтини математика ва информатика мутахассислиги бўйича муваффақиятли тамомлади. Олий маълумотли мутахассис бўлган ёш кадрнинг қалбида биргина мақсад бор эди: ўзи улғайган овул болаларига илм бериш, саҳро бағрида янги заковат чироқларини ёқиш...
Меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган жонажон овулидаги 11-сонли умумтаълим мактабида оддий ўқитувчиликдан бошлаган Нурладин Мустафаевич учун бу юксак бурч эди. Тез орада ташкилотчилик қобилияти ва педагогик маҳорати туфайли мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозими унга ишониб топширилди. Мазкур вазифада 2002–2007 йилларда самарали фаолият юритди. 2007-2010 йилда ушбу таълим даргоҳига раҳбарлик қилди.
Нурладин Муратов қаерда ишламасин, ўзига берилган вазифани сидқидилдан бажарадиган, талабчан, қатъий тартиб ва интизомни қадрлайдиган раҳбар сифатида танилди. Айнан мана шундай юксак инсоний ва касбий фазилатлари туфайли у доимо ҳамкасблари ва жамоадошларининг чексиз ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб келмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, у меҳнат фаолияти давомида қайси лавозимда ишламасин, фақат раҳбариятнинг таклифи ва ишончи билан лавозимдан лавозимга ўтган. Қайси бир соҳа ишониб топширилмасин, фақат виждонан ва ҳалол муносабатда бўлишни ҳаётий шиорига айлантирган.
Тажрибали ва изланувчан кадрнинг мана шундай салоҳияти инобатга олиниб, Учқудуқ туман ҳокимлигига ишга таклиф қилинди. Шунга кўра, 2010–2012 йилларда туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари каби масъулиятли лавозим унга ишониб топширилди. Кейинчалик тумандаги 9-сонли умумтаълим мактаби директори ҳамда туман халқ таълими бўлими мудири вазифаларида ишлаб, таълим тизимига муносиб ҳисса қўшди. 2018-2020 йилларда туман халқ таълими бўлимини бошқарди.
Бой бошқарув тажрибасига эга қаҳрамонимиз 2020 йилдан то бугунги қадар Учқудуқ тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида сидқидилдан ишлаб келмоқда.
Инсон учун масъулиятли раҳбарлик лавозимидан ташқари, бахтли оила бошлиғи бўлиш ҳам улкан шарафдир. Нурладин Муратов ҳаёт йўлларида ўзига садоқатли ҳамроҳ бўлган турмуш ўртоғи Толқин Муратова билан биргаликда 2 ўғил ва 1 қизни тарбиялаб, вояга етказдилар. Бугунги кунда ўғиллари Бақкелди ва Қидиркелди олий маълумотли мутахассислар бўлиб етишиб, Шимолий кон бошқармасида эл манфаати йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Қизи Назерке эса уй бекаси бўлиб, оила рўзғорининг файзидир. Оилага алоҳида қувонч бағишлаб турган 2 нафар ширингина набиралар эса бу зиёли хонадоннинг бугунги давомчиларидир.
Муратовлар хонадонда овул ҳаётига хос бўлган бой чорвачилик кўникмалари ва анъаналари ҳанузгача ардоқланади. Овул тупроғида вояга етган бу оила аъзолари ҳозир ҳам ўз хонадонларида майда шохли моллар ва “Саҳро кемаси” деб ном қозонган туялар парваришига алоҳида эътибор қаратишади. Рўзғор учун доимо зарур бўлган гўшт ва сут маҳсулотлари уларнинг ўз ҳалол меҳнатлари эвазига етиштирилади.
Ҳар куни эрта тонгда, ҳали иш соатлари бошланмасдан туриб, бутун оила аъзолари бир тану бир жон бўлиб, чорва молларига ем-сув ва ўт бериб, уларни тўйғазиш билан машғул бўлишади. Оила бекаси Толқин опа эса она туяни соғиб, хонадон аъзолари ва меҳмонлар учун минг бир дардга даво бўлмиш шифобахш “шубат” тайёрлайди. Ушбу кундалик рўзғор ташвишларида туман ҳокими ўринбосари Нурладин Муратов лавозимидан қатъий назар, оддий оила бошлиғи сифатида турмуш ўртоғи ва фарзандларига доимо камарбаста, катта кўмакчи ва суянчдир.
Овулнинг файзли хонадонида камол топган, Мустафа отанинг ҳалол меҳнат мактаби ва Палия аянинг меҳр-ҳунар мактабини кўрган ҳамда бугун ўз оиласини ҳам мана шундай чиройли қадриятлар устига қурган Нурладин Муратовнинг босиб ўтган ҳаёт йўли — бугунги Учқудуқ ёшлари учун меҳнат, ватанпарварлик ва фидоийликнинг гўзал ва ибратли намунасидир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
