ОТА ЎГИТИ – УМР МАЁҒИ!
2026-06-22 10:30:00 / Янгиликлар

Инсон ўз тақдирини ерга, эл хизматига бахшида этар экан, у босиб ўтган ҳаёт йўли ҳалоллик ва фидоийликдан битилган гўзал бир достонга айланади. Шундай инсонлардан бири, бугунги кунда Учқудуқ тумани қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини юксалтириш йўлида тинимсиз изланаётган раҳбар — Астанов Дўстмурод Ўралбоевичдир.
Дўстмурод Астанов 1986 йилда қадимий ва файзли суратларга бой Нурота туманида дунёга келди. У қут-баракали ва интизомли бир оилада вояга етди. 6 нафар ўғил-қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган Ўралбой ота ва Норхол ая Астановлар хонадонида болалар ёшлигиданоқ меҳнатга муҳаббат, ҳалоллик ва ўзаро ҳурмат руҳида тарбияландилар.
Бу хонадонда дала юмушларидан ташқари, уй-рўзғор ишларида, хонадон томорқасида оиланинг ҳар бир аъзосининг ўз масъулияти ва аниқ вазифаси бор эди. Ота-онага қанот бўлиш, уларга кўмак бериш оиладаги фарзандлар учун биринчи галдаги вазифа эди.
Мана шундай соғлом муҳит, томорқа ва дала меҳнати Дўстмурод Астановнинг қалбида ерга, деҳқончиликка ва она тупроққа бўлган меҳрни жуда эрта уйғотди.
Нуротанинг тоғ ҳавоси ва ҳалол меҳнат муҳитида чиниққан Дўстмурод мактаб давридан бошлаб фан сирларини қунт билан ўрганди ва таълим масканини аъло баҳоларга тамомлади. Билимга ва аграр соҳага бўлган кучли иштиёқ уни юртимизнинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири — Тошкент давлат аграр университети сари етаклади. Пойтахтда қишлоқ хўжалигининг замонавий илм-фанини пухта эгаллаган Дўстмурод Ўралбоевич 2009 йилда олийгоҳни муваффақиятли тамомлади.
Олий маълумотли ёш мутахассис ўз билимларини амалиётда синаш, Ватан равнақига ҳисса қўшиш мақсадида Учқудуқ туманига қадам қўйди ва меҳнат фаолиятини туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими етакчи мутахассиси вазифасидан бошлади. Дўстмурод Астанов қаерда ва қайси вазифада ишламасин, ўз ишини ҳамиша сидқидилдан, юксак масъулият билан бажаради. Ички маданияти юқори бўлган бу раҳбар жамоада «каттага ҳурмат, кичикка иззат» тамойили асосида муносабат ўрнатган бўлиб, ҳамкасбларидан ўз ёрдами ва маслаҳатини аямайдиган олийжаноб инсондир. У ўзининг бор билим ва салоҳиятини, куч-ғайратини жонажон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга сафарбар этиб келмоқда.
Айнан мана шундай фазилатлари ва топширилган вазифаларни виждонан бажариши туфайли у тез орада раҳбариятнинг эътиборига тушди. 2014–2021 йиллар давомида туман ҳокими ёрдамчиси лавозимида самарали фаолият юритди. Бу давр у учун катта бошқарув мактаби ва ҳаётий чиниқиш даври бўлди. Ҳоким ёрдамчиси сифатида тумандаги аҳолининг муаммоларини тинглаш ва уларга тезкор ечим топиш борасида улкан тажриба орттирди.
Ерга меҳр берган, аграр соҳанинг билимдони бўлган раҳбарнинг тажрибаси ва ташкилотчилик салоҳияти эътиборга олиниб, у янги ва ўта масъулиятли поғонага сафарбар этилди. Дўстмурод Астанов 2021 йилдан то ҳозирги қадар Учқудуқ тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.
Чўл иқлими шароитида деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантириш, сув ресурс-ларидан оқилона фойдаланиш осон иш эмас. Бироқ оилада олинган меҳнат тарбияси ва олийгоҳдаги билимлар бугун ўз самарасини бермоқда. Дўстмурод Астанов бугун Учқудуқнинг ҳар бир қарич ерини обод қилиш, сувсиз саҳро бағрида яшиллик дунёсини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш йўлида кечаю кундуз фидокорлик кўрсатмоқда.
Инсон учун масъулиятли давлат хизматидан ташқари, бахтли оила соҳиби бўлиш ҳам гўзал бир неъматдир. Дўстмурод Астановнинг ҳаёт йўлларида унга камарбаста бўлиб келаётган турмуш ўртоғи Лобар Турдиқуловани касби ўқитувчи бўлиб, ёш авлодга билим беришдек хайрли ишга умрини бахшида этган. Бу намунали хонадонда бирин-кетин дунёга келган Севинч, Сабина ва Кумуш исмли қизалоқлар ҳамда оиланинг кенжатойи, эркатойи бўлмиш Алинур қалбларнинг қувончи ва умидидир.
Ҳозирги кунда мактаб ва боғчада таълим-тарбия олаётган бу фарзандларнинг худди ота-онасидек эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, маърифатли, етук ва баркамол авлод бўлиб улғайишлари учун оилада гўзал тарбия берилмоқда.
Aфсуски, бу фоний дунёнинг ўз ҳукмлари бор. Яқиндагина қишлоқдошларининг юксак ҳурмат-эътиборида бўлган, эл ардоқлаган нуроний Ўралбой ота бу ёруғ оламни тарк этди. Бу оғир жудолик нафақат оила аъзолари, балки бутун қишлоқ аҳли учун катта йўқотиш бўлди.
Бироқ, отахон ортда қолган фарзандлари, неваралари ва яқинлари қалбида ўзининг одамийлик илми, ҳалоллик дарслари ва ибратли хотирасини улашиб кетди.
Хулоса ўрнида айтганда, Дўстмурод Астановнинг шахсий ва раҳбарлик қиёфасида меҳнатсеварлик ва юксак инсонийлик фазилатлари уйғунлашиб кетган. У эл дарди билан яшашни, одамлар оғирини енгил қилишни ота ўгитидан ўрганган.
Ўралбой отанинг пок номига муносиб фарзанд бўлиш, заминга чин меҳр бериб, уни гул-боғга айлантириш йўлидаги бундай изчил ҳаракатлар — Дўстмурод Астановнинг ҳаёт ва касб йўлидаги энг гўзал инсоний чизгиларидир.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
