Ёшлар куни табриги
2026-06-19 19:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
Ассалому алайкум азиз ёшлар!
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Сизларни ва сизларнинг тимсолингизда барча учқудуқлик йигит-қизларни 30 июнь – Ёшлар куни байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Учқудуқ туманининг ғайрати баланд, интилувчан ва мард ўғил-қизлари иштирокида “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради!” шиори остида ўтказилаётган ҳар бир лойиҳа, маданий-маърифий ва спорт тадбирлари сизлар учун етуклик ҳамда ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлмоқда, десак тўғри бўлади.
Дарҳақиқат, ёшлар – ҳар бир юрт ва миллатнинг бойлиги, буюк салоҳияти ҳамда куч-қудрати манбаидир. Юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроқ қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади.
Шу боис муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Сиз ёшлар — бугуннинг қаҳрамонлари, эртанинг йўлбошчиларисиз!
Бугун барчамиз катта тарихий ютуқлароғушида турибмиз. Биргина мисол — халқимизнинг азалий орзуси ушалди ва Ўзбекистонхалқи учун тарихий кун бўлди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳончемпионатига йўлланмани қўлга киритди! Бузафар — юртимиз ёшларининг қатъияти, меҳнаткашлиги ва Ватанга бўлган чексизмуҳаббатининг ёрқин кўринишидир.
Зеро, давлатимиз раҳбарининг: “Янги Ўзбекистон бунёдкори бўламан!”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга муносиб ҳисса қўшаман!”, деган юксак мақсадлар фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, уларнинг ҳаёти ва фаолияти мазмунига айланиб бораётгани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди”, деган сўзлари Сиз ёшларга бўлган катта ишонч ва умид намунасидир!.
Қадрли тумандошлар!
Ҳудуд ёшлари бугун нафақат чўл бағридаги мўъжизавий Учқудуқнинг балки бутун Янги Ўзбекистоннинг шижоатли ва мақсад сари дадил одимлаётган иқтидорли ёшларига айланишмоқда.
2025-2026-ўқув йилини катта муваффақиятлар билан якунламоқдалар. Умумтаълим мактабларини 447 нафар битирувчи тугатмоқда. Уларнинг 5нафари олтин, 2 нафари кумуш медал билан мактабни тамомлади.
29 нафари миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритиб, энг юқори - 189 балл тўплаган ҳолда муддатидан аввал талаба бўлдилар.
Айтиш жоизки, спорт шунчаки машғулот эмас, балки ҳар бир йигит-қизнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиб улгурди. “Лочин” спорт мажмуаси, “КЕLАJАК” ёшлар маркази, ўқув муассасаларида фаолият юритаётган юзлаб спорт секциялари, яшил стадионлар ва маҳаллаларда қад ростлаган “воркаут” майдончалари бугун ёшлар билан гавжум.
Бугун учқудуқлик ёшларнинг спорт майдонларидаги ҳар бир ҳаракати, ҳар бир шиддати зафарноманинг янги саҳифаларини очмоқда. Спорт мактабининг 16 нафар иқтидорли тарбияланувчиси юқори даражадаги спорт таълими муассасаларига қабул қилинди.
70 нафари эса Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибидан жой олди. Уларнинг 39 нафари асосий, 31 нафари эса захира таркибга киритилди. 103 нафар ёш спортчимиз вилоят терма жамоаси аъзосига айланди.
5 нафари «Спорт устаси», 64 нафари «Спорт усталигига номзод» даражасини қўлга киритдилар.
Иқтидорли ўғил-қизларимиз дунё майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтариб, 11 нафари Осиё чемпионатларида, 6 нафари Жаҳон кубоги мусобақаларида, 10 нафари нуфузли Халқаро турнирларда юқори ўринларни эгалладилар.
Қизилқум саҳросининг иссиқ-совуғида тобланган бу ёшларнинг нигоҳида фақат зафарларга бўлган чанқоқликни кўриш мумкин.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони, 20-мактаб ўқувчиси Зиёда Шомуродова Баҳрайн давлатида ўтган мусобақада 3-ўринни эгаллаган бўлса, Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли «Осиё кубоги» баҳсларида 10-мактаб ўқувчиси Нозима Нормуродова фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Азиз ёшлар!
Бугунги кунда туманимиз йигит-қизларининг сиёсий, ижтимоий ва маданий жараёнлардаги фаоллигини оширишда, шубҳасиз, «Беш ташаббус олимпиадаси» беқиёс платформа вазифасини ўтамоқда.
Мазкур олимпиада доирасида ташкил этилган «Ёшлар овози» танловининг вилоят босқичида анъанавий ижрочилик йўналишида ўз иқтидорини намойиш этган СевинчЭшмаматова фахрли 1-ўринга сазовор бўлди.Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Опера йўналишида вилоятда тенгсиз эканлигини исботлаган Артур Тоирбоев мамлакат босқичида фаол иштирок этди.
«Шижоат ва ғайрат» ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичида «Навоий» маҳалласи ёшлари чинакам матонат ва шижоат билан ҳаракат қилиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритдилар. Вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугун Учқудуқ ёшлари нафақат спорт майдонлари ва санъат саҳналарида зафар қучмоқдалар, балки тадбиркорлик соҳасига ҳам дадил кириб келмоқдалар.
Вазирлар Маҳкамасининг 426-сонли қарори асосида ҳаётга тадбиқ этилаётган «Кўмак» лойиҳаси олис ва чекка ҳудудларда замонавий чет тилларини ўқитишга ихтисослаштирилган ўқув марказларини ташкил этишда туртки бўлмоқда.
«Абай» маҳалласининг 3 нафар ташаббускор ёшлари томонидан 3 та замонавий ўқув марказиташкил этилди. Уларнинг ҳар бирига 130 млн.сўмдан жами 390 млн. сўм миқдорида ссудамаблағлари ажратилиб берилди.
Ҳозирда мазкур ўқув марказларида юзлаб учқудуқлик йигит-қизлар чет тилларини пухта ўзлаштирмоқдалар.
Азиз ёшлар!
Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаган-ларидек: “Сизлар том маънода юртимиз истиқболи, ёруғ келажагимиз бунёдкорисиз! Машҳур шоиримиз Эркин Воҳидов айтанидек, ёшликдаги куч-ғайратни эл-юртига бахш этган йигит-қиздан Ватан ҳам, халқ ҳам, ёшликнинг ўзи ҳам рози бўлади”!.
Барчангизга ана шундай улкан бахт ва шараф насиб этсин! Ишонаманки, Сиздай шижоатли, ғайратли, ватанпарвар ёшларимиз бор экан, юкимиз ҳеч қачон ерда қолмайди.
Кўзлаган юксак марраларимизни дадиллик билан забт этаверамиз!
Сизларни яна бир бор бугунги байрам - ёшлик, шижоат, куч-қудрат ва матонат айёми билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Ўқиш ва ишларингизда, оилавий ҳаётингизда улкан муваффақиятлар тилайман!
Парвозингиз, интилишларингиз бундан-да, сарбаланд бўлсин!
Юртимиз тинч, мустақиллигимиз абадий, эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин.
Эътиборингиз учун рахмат!
