ҚУРИЛИШ ВА КОММУНАЛ СОҲАДАГИ МУАММОЛАР ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛАДИ: Ҳар душанба сайёр қабул куни!
2026-06-08 17:30:00 / Янгиликлар

Эндиликда Учқудуқ тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Севдиёр Муратов ҳар ҳафтанинг душанбасида сайёр қабул ўтказади ва фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилади.
Бугун Учқудуқ тумани Халқ қабулхонасида ўтказилган сайёр қабул аҳолининг энг долзарб муаммоларини тинглаш ва уларга жойида ечим топишда муҳим аҳамиятга эга бўлди, десак тўғри бўлади.
Фуқаролар қабулида мутасадди корхона-ташкилот ва муассаса раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Сайёр қабул давомида туман аҳолиси томонидан турли соҳаларга оид ўнлаб масалалар ўртага ташланди. Мурожаатларнинг асосий қисми қуйидаги йўналишларни ташкил этди:
Ишсиз фуқароларни доимий иш жойлари билан таъминлаш ва касб-ҳунарга қайта ўқитиш.
Кўп қаватли уйларни таъмирлаш, ички йўлларни созлаш ҳамда маҳаллаларда тўсиқларсиз муҳит яъни ногиронлар ва аҳоли учун қулай йўлаклар яратиш.
Коммунал хўжалик ва коммуникация йўналишида эса ичимлик суви таъминотини яхшилаш, оқава сув тизимларини янгилаш ҳамда электр ва газ тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш.
Қабулда ҳар бир мурожаат синчиклаб тингланди ва соҳа мутахассислари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Ижроси вақт талаб этадиган масалалар бўйича аниқ муддатлар белгиланиб, тегишли ташкилот ва корхона раҳбарларига топшириқлар берилди.
Қонуний асосга эга бўлмаган ёки тушунтириш талаб қиладиган аризалар бўйича фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
