ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАДБИРКОРЛИГИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ: АМАЛИЙ КЎМАК ДАВОМ ЭТМОҚДА!
2026-06-08 10:45:00 / Янгиликлар

Республика ““Ҳамроҳ” хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси” МЧЖ ҳамда БМТ “Тараққиёт” дастурининг “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Учқудуқ туманида ўқув-семинар ташкил этилди.
Янги бизнес бошламоқчи бўлган аёлларнинг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, фаолият юритаётганларига эса бизнес лойиҳаларини кенгайтириш, молиявий саводхонлик, маркетинг ва рақамли технологияларни жорий этиш мавзуларида ўқув машғулотлари олиб борилди.
Аёлларнинг грант танловларида қатнашиш тартиби, лойиҳа доирасида бериладиган молиявий кўмаклар ва бизнес-план тузиш бўйича қўшимча қўлланмалар ҳақида кенг тушунчалар берилди.
Ўқув – семинар машғулотларини “Тадбиркор аёллар” ассоциацияси вилоят бўлими раиси Гулчеҳра Бердиева олиб борди. 10 кун давом этган семинарда 59 нафар учқудуқлик хотин-қизлар ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамладилар.
Дастурда фаол иштирок этиб, ўз бизнес-лойиҳаларини муваффақиятли ҳимоя қилган 6 нафар хотин-қизга ўз фаолиятларини бошлашлари ва кенгайтиришлари учун зарур бўлган асбоб-ускуналар бепул топширилди.
Замонавий тикув машиналари;
Пишириқ ва ширинликлар тайёрлаш учун махсус духовкалар;
Гўзаллик салони учун шинам креслолардан иборат.
Эътиборлиси, лойиҳа доирасида аёллар томонидан ишлаб чиқилган ва ҳар бири 5 000 АҚШ доллари қийматига эга бўлган 4 та энг истиқболли бизнес-лойиҳа айни пайтда Республика босқичида кўриб чиқилмоқда.
Бу каби лойиҳалар туманимизда янги иш ўринлари яратилиши ва оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Семинар-тренингларни муваффақиятли якунлаган ва ўз бизнес-режаларини ҳимоя қилган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Аёл тадбиркор бўлса, жамият ривожланади!
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
